Картошка етиштириш ҳажми 3,3 фоизга ошган. Энг кўп ҳосил Самарқанд вилоятида олинган
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг январь-июнь ойларида барча тоифадаги хўжаликлар томонидан қарийб 1,7 миллион тонна картошка етиштирилган.
Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даври билан солиштирганда 3,3 фоизга ошган.
Картошка етиштириш бўйича ҳудудлар ўртасида пешқадамликни Самарқанд вилояти эгаллади. Етиштирилган картошка умумий ҳажмининг 18,5 фоизи Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шунингдек, юқори улуш Сурхондарё (13,5 фоиз), Фарғона (12,0 фоиз), Андижон (11,2 фоиз) ва Бухоро (10,2 фоиз) вилоятларида ҳам қайд этилган.
Картошка етиштиришнинг умумий ҳажмидаги улушининг энг паст кўрсаткичлари Жиззах вилояти (0,7 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикаси (1,7 фоиз)га тўғри келгани кузатилди.