Каттақўрғон шаҳрида кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ташкил этилади

Вилоят ҳокимининг 2020 йил 12 декабрдаги 197-Қ-сонли қарорига асосан, Каттақўрғон шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактаби негизида кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган мактабда ўқувчиларни ўқитиш ва билимини баҳолашнинг замонавий услублари жорий этилади. Жумладан, рақамли ўқув воситалари ва масофавий таълим шакли кенг қўлланилади. Шунингдек, ўқувчилар кимё ва биология фанларидан чуқур ўқитилади.

Қарорга кўра, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб белгиланган тартибда ихтисослаштирилган синфларга ўқувчилар қабул қилинади. Унга қадар ихтисослаштирилган мактабнинг бино ва иншоотлари унинг фаолиятига мослаштириб таъмирланади, жиҳозланади. Мактабга малакали ва иқтидорли кадрлар ишга олинади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.