Каттақўрғон туманида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига Беларусь Президентининг табриги етказилди
Беларуссиянинг фашизмдан озод қилинганлигининг 75 йиллиги муносабати билан Каттақўрғон туманида яшовчи 5 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига Беларусь Республикасининг юбилей медаллари тантанали равишда топширилди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши вакиллари, ҳарбийлар, спортчилар ҳамда ўқувчи-ёшлар туманда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари - Раҳмат Қобилов, Шукур Норов, Рауф Санақулов, Райим Юсупов ҳамда Каттақўрғон шаҳрида яшаган марҳум Алексей Котляр хонадонига ташриф буюрди. Уларнинг оила аъзоларига Беларусь Республикаси Президентининг табрикномасини ўқиб эшиттирди. Ҳозирда ҳаёт бўлган уруш фахрийлари кўксига Беларуссиянинг фашизмдан озод қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган юбилей медалини тақиб қўйди.
Тадбир давомида ўқувчи-ёшлар ва ҳарбий оркестр жамоаси иштирокида куй ва қўшиқлар ижро этилди.
Ўтказилган тадбирдан ва қаратилган эътибордан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Беларусь Президентига ҳамда тадбир ташкилотчиларига самимий миннатдорчилик билдирди.