Каттақўрғонда электр муаммоси қандай ҳал этиляпти?

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан вилоят ва республика ОАВ ходимлари учун Каттақўрғон туманидаги "Қорадарё электр тармоқлари" корхонасига пресс-тур ташкил этилди.

Бугунги кунда ушбу корхона туманнинг 65 мингдан зиёд истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлаб келади. Шундан 62,5 мингтасини аҳоли хонадонлари ташкил этади. Истеъмолчиларнинг 95 фоизига АСКУЭ ҳисоблагичлари ўрнатилган.

Пресс-турда жорий йилнинг ўтган даврида туманда электр таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.

Туман бўйича 1906 километр масофадаги 0,4/6/10 кВ ҳаво электр узатиш тармоғининг 212,7 километри мукаммал, 416,7 километр электр узатиш тармоқлари жорий, шунингдек, 243 дона трансформатор пунктлари жорий ва мукаммал таъмирланди.

Мавсум арафасида Қирғиз маҳалласида 2 та трансформатор, 100 та темир бетон устунлари ўрнатилиб, 2,67 километр СИП-2, 1460 метр СИП-4 ёпиқ кабеллари тортилди. Шунингдек, Мундиён, Муллакўрпа, Қумоқ, Найман ва Янгиқиёт маҳаллаларида 5 та трансформатор пункти ва 282 та бетон устунлари ўрнатилиб, 16 километр СИП-2 ва 1,73 километр АС-50 маркали ҳаво электр узатиш тармоғи янгидан тортилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 435-сонли қарори бўйича Себистон, Зарқўрғон маҳаллаларида 4 дона 100 кВА трансформатор пункти, 198 та бетон устунлар ўрнатилди. 6,5 километр АС-50 тармоғи тортилди. 3 та нимстанцияга қўшимча жами 10.300 кВА зиёд қувватдаги трансформаторлар орқали истеъмолчилар электр энергияси билан таъминламоқда.

Пресс-тур иштирокчилари Чўянчи маҳалласидаги корхона ишчилари томонидан бетон-устунлар ўрнатиш ва ёпиқ кабеллар тортиш жараёни билан танишди. Мазкур қишлоқда 100 кВАлик янги трансформатор ва 56 та бетон устунлар ўрнатилди. Яна 30 та устун йил якунигача ўрнатилади.

Куз-қиш мавсумида авария ҳолатларини бартараф этиш учун 3 та тезкор бригада ва тунги навбатчилик ташкил этилган. 

Дилмурод ТЎХТАЕВ.