Каттақўрғонда ўқувчилар ясаган буюмлар 10 миллион сўмга сотилди
Ривожланган давлатларда шундай. Турли акциялар, марафонлар ўтказилиши ортидан эҳтиёжманд ёки имконияти чекланган инсонларга ёрдам кўрсатилади. Дейлик, ҳунармандлар ўз қўллари билан ясаган буюмларни сотишдан олдин бу хайрия эканини эълон қилади ва аҳоли ҳеч иккиланмасдан нарса сотиб олиш баробарида ушбу маблағи хайрияга сарфланаётганини билган ҳолда бозор нархидан қимматроқ бўлса-да, ўша нарсани сотиб олишга ҳаракат қилади.
Каттақўрғон шаҳрида ўтказилган шу каби хайрия тадбири нафақат имконияти чекланган болаларга ёрдам, балки соғлом болаларнинг бу масалага қарашларини ўзгартириш билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Мазкур хайрия тадбирида шаҳардаги барча мактабларда, мактабгача таълим ташкилотларидаги тўгаракларда, “Баркамол авлод” марказида ҳунар ўрганаётган ўқувчи-ёшлар қўл меҳнатлари билан яратилган турли хилдаги маҳсулотлари билан иштирок этдилар.
Тадбирга ташриф буюрган шаҳар ҳокимлиги, ташкилотлар вакиллари ўқувчилар томонидан ясалган ўйинчоқлар, тўқув ва тикувчилик буюмлари, ширинликлардан иборат турли маҳсулотларни харид қилдилар ва шу ернинг ўзида тадбирда иштирок этаётган болажонларга уларни совға қилдилар.
Яна ушбу тадбир болажонларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ёшларнинг бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббат, ўзаро дўстлик ҳисларини шакллантиришга йўналтирилганлиги билан ҳам аҳамиятли бўлди.
- Бугун мен тенгдошларим билан ярмаркада ўзим тўқиган болалар оёқ кийимлари, саватчалар, сумкаларни олиб келдим ва уларни тадбир давомида сотдим,- дейди тадбир иштирокчиларидан Мадина Холбоева. - Бу менга келгусида яна кўплаб мана шундай буюмларни ясашга туртки берди. Яна шундан қувондимки бугун мен сотган буюмларимни пулини ўзим тенги бўлган, лекин соғлиги туфайли мактабда биз каби ўқий олмайдиган, ёрдамга муҳтож бўлган тенгдошларимизга совға олдик.
Шу куни хайрия ярмаркаси давомида йиғилган 10 миллион сўмга яқин маблағ ижтимоий ёрдамга муҳтож, соғлигида нуқсони бўлган болажонларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга сарф қилинди. Яъни, 33 нафар якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар ҳамда 15 нафар чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун совғалар ташкил қилиниб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.