“Кавказ асираси” - Брежнев “асир”ликдан қутқарган фильм
1967 йилда экранларга чиққан “Кавказ асираси” ўзбек кино мухлисларининг ҳам севимли фильмига айланган. Орадан 55 йил ўтган бўлса-да, фильм кинотеатр, телевидение экранларидан тушган эмас. Аммо фильмни суратга олиш, кейинчалик экранларга чиқиши осон кечмаганлигини ҳамма ҳам билмаса керак.
Аввало, фильмни биз машҳур учлик актёрларсиз кўришимиз мумкин эди. Уларни танқидчиларнинг кўргани кўзлари йўқ эди. Режиссиёр Леонид Гайдай эса Юрий Никулин, Георгий Вицин, Евгений Моргунов аллақачон ўзларининг имкониятларидан фойдаланиб бўлишган, деб ҳисобларди. Бунинг устига Е.Моргунов сценарийни мутлақо кулгили эмас, деб қўл силтади. Ю.Никулин эса шуҳрат келтирадиган бошқа роллар қидирарди.
Бироқ режиссёр уларга картинага қизиқарли ҳазиллар ва трюк киритишга ваъда бериб, комедияда ўйнашга кўндирди. Учлик рози бўлса-да, Леонид Гайдай учун турган-битгани бош оғриққа айланди. Моргунов эса умуман режиссёрга бўйсунмади. Актёрлар лавҳаларни ўзларича ижро этар, бу эса Гайдайнинг жаҳлини чиқарарди. Охир-оқибат у Моргуновни суратга тушишдан четлатди. Никулин ва Вицин ҳам роль ўйнашни рад қилди. Натижада Гайдай Моргуновдан кечирим сўраб, уни қайтишга зўрға кўндирди.
Нина - Наталья Варли 500 номзод ичидан танлаб олинди. Трюкларни унинг ўзи бажарди, аммо тажрибасизлиги учун унга овоз бериш учун Надежда Румянцивани чақиришга тўғри келди. Айиқ ҳақидаги қўшиқни ижро этиши учун Аида Ведишевани таклиф этишди. Қўшиқ Гайдайга ёқмади, уни фильмдан ўчириб ташламоқчи бўлди. Аммо суратга олинаётган актёрлар бир бўлиб, қўшиқни қолдиришга кўндиришди.
Машаққат билан суратга олинган комедия бадиий кенгаш томонидан қабул қилинмади ва экранларга чиқариш ман қилинди. Кенгаш фильмни совет воқелигига зид, ўтмиш феодал элементлари мавжуд эканлигини таъкидлади ва комедия кинофонд омборига улоқтирилди.
Фильмни “асир”ликдан Леонид Брежнев қутқарди. У дала ҳовлида дам олаётганда зерикиб биронта янги фильм топиб келишларини буюрди. “Кавказ асираси”дан бошқа фильм топилмади. Фильм Брежневга жуда ёқди. У сиёсий бюро аъзоларига ҳам комедияни бир неча марта томоша қилдирди. Шу зайл комедияни экранларга чиқаришга йўл очилган эди. Фильм 1967 йил апрелда прокатга чиқарилди ва етакчиликни эгаллади. Комедияни 76 миллион томошабин кўрди.
Т.Шомуродов тайёрлади.