Кинода онамни кўрдим
Бутун халқимиз қатори мен ҳам “Илҳақ” бадиий фильмини катта ҳаяжон билан томоша қилдим. Фильм гарчанд бадиий ҳисобланса-да тарихий фактларга асосланганлиги билан ажралиб туради. Шу боис ушбу мукаммал экран асарини тарихий-бадиий кино, деб атасак ҳам бўлади.
Фильм реал ҳаётий воқеаларга асосланган. Ҳарбий комиссарнинг йигитларни урушга чорлови, фарзандларини фронтга кузатаётган оналар ҳолати, айниқса беш фарзандини жангга юбориб, биронтасининг ҳам қайтиб келишини кўрмаган, тўрт келини ва невараларига бош бўлган, оиланинг муқаддас қадриятларини асраб-авайлаб келган Зулфия Зокирова ҳам тарихий шахс.
Маълумотларга кўра Иккинчи жаҳон урушига беш фарзандини кузатиб, уларнинг бирортаси ҳам қайтиб келмаган оила дунёда учта экан. Булар - белоруссиялик Анастасия Куприянова оиласи, АҚШнинг Айова штатидаги Том ва Анетта Селливанлар оиласи ҳамда Ўзбекистонлик Зулфия Зокирова оиласидир.
Фильмнинг бош қаҳрамони Зулфия Зокирова оқила, матонатли, садоқатли, иродали ўзбек аёли образи сифатида талқин этилган. Ҳақиқатан ҳам Зулфия она уруш ортида меҳнат фронтида кунни тунга, тунни кунга улаб ишлаган ва Буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшган ўзбекистонлик хотин-қизлар тимсоли ҳисобланади. Фильмнинг катта муваффақияти, менинг назаримда шундаки, ундаги қаҳрамонларнинг барчаси жамланма тафсилотларга эга бўлиб, асосан, 1941-1945 йиллардаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий шароитда ҳаракатланади. Шу боис ҳам фильмни халқчил ва юксак ватанпарварлик руҳидаги бадиий асар, дейишимиз мумкин. Чунки уруш йилларида Ўзбекистон халқи фронтдаги жанг майдонларидагидек ҳаёт-мамот учун курашган. Аскарларимизга озиқ-овқат, кийим-кечак, ҳатто, қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар етказиб берган.
Беш ўғилнинг Ватан озодлиги учун жангга бориши – олий даражадаги юртпарварлик аломати, юксак маънавиятлилик белгиси, йигитлик ғурурининг ёрқин намунаси.
Биз ўқув юртлари ва маҳаллаларда уюштириладиган маърифий тадбирларда ёшларга Зулфия она ҳамда унинг беш ўғли қаҳрамонлигини такрор ва такрор тушунтиришимиз керак. Мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳридаги Олмазор туманида барпо этилган Ғалаба боғида фильм қаҳрамонлари Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, вафодор келинлари хотирасига ўрнатилган “Матонат мадҳияси” ҳайкалига зиёратларини уюштириб, у ерда мунтазам маънавий суҳбатлар ташкил қилсак, мақсадга мувофиқ, бўлар эди.
“Илҳақ” фильми томошаси жараёнида раҳматли онамнинг хотираларини эсладим. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан онамнинг беш акаси фронтга жўнаган. Ака-ука Райимқуловларнинг фақат биттаси урушдан оғир касал бўлиб, қайтган ва кўп ўтмай вафот этган. Қолганлари бедарак йўқолган. Улар ҳақида ҳалигача маълумот йўқ.
Ўзбекистон халқи ҳаётида бундай ўхшаш тақдирлар минглаб топилади. Шу нуқтаи назардан “Илҳақ” фильмини бутун ўзбек оналарининг матонати ҳақидаги фундаментал асар, дея оламиз.
Йўлдош Суюнов,
меҳнат фахрийси,