Коинотдаги барча сайёралар юмалоқ шаклга эга(ми)?
Олимлар бу саволга жавоб топишди.
Тадқиқотчилар тортишиш кучининг бу масалада тутган ўрни ва нима учун сайёралар шакли мукаммал айлана бўла олмаслигини тушунтиришди.
Коинотимизда камида бир секстиллион сайёра бор. Бу шунчалик катта рақамки, уни тасаввур қилишнинг деярли иложи йўқ. Ушбу сайёраларнинг вазни, тузилиши ва ҳажми ҳам ўзгача. Масалан, биргина Ернинг вазни оқ айиққа қараганда қарийб олтмиш миллиард марта оғирроқ, деб ёзади ScienceFocus.
Сайёраларнинг ҳар бири деярли юмалоқ. Уларнинг орасида ҳатто битта ҳам кубоид (тўғри бурчак), додекадр (кўпёқлик) ёки таблерон (учбурчак) шакллар мавжуд эмас.
Лекин нега уларнинг ҳаммаси айлана шаклга эга?
Дастлаб сайёра юлдуз атрофида айланадиган тошлар ва чанг зарралари булутидан ҳосил бўлади. Заррачалар тортишиш кучи босими остида яхлит тўп ҳосил бўлгунча тортилади. Бу тўп тобора кўпроқ материяни ўзига жалб қилар экан, ўз йўлида ҳамма нарсани йиғиб олгунга қадар каттариб бораверади. Тортишиш кучи ҳар томонга бир хил таъсир қилиши боис, тўп аста секинлик билан думалоқ шаклга эга бўлади.
Ҳақиқатан ҳам сайёралар шакли мукаммал даражада шарсимонми?
Аслида сайёраларнинг юмалоқлиги мукаммал эмас. Масалан Ер ўзида «яссиланган эллипсоид»ни акс эттиради – у деярли шарсимон, лекин доимий айланиши туфайли унинг «белида» бўртмаси бор.
Ҳар сафар Ер ўз ўқи атрофида айланганида, унинг ўртаси тепасига қараганда кўпроқ силжийди. Бу ернинг экваторда қутблардагига қараганда тезроқ ҳаракат қилишини англатади.
Маълум бир ёшга етгач, янги сайёра ҳар доим ўзининг ўртасидаги қавариғига эга бўлади. Шу сабабли унинг «қутбли» ва «экваториал» диаметрлари фарқ қилиб туради.
Бу эффект унчалик қаттиқ бўлмаган сайёраларда кўпроқ сезилади. Масалан, асосан газдан ташкил топган Сатурннинг экватордаги икки нуқта орасидаги диаметри қутбларга қараганда 11 минг километр кўпроқ.
Йўлдошлар ҳам думалоқми?
Астероидлар ва йўлдошлар сайёраларга қараганда кичикроқ. Шунинг учун уларнинг тортишиш кучи катта эмас, бу эса айлана шаклни ҳосил қилмаслиги мумкин.
Ушбу расмдаги 67/Р Чурюмов-Герасименко кометаси Ер оғирлигининг триллиондан бир қисмига тўғри келади ва шакли нафақат шарсимон бўлмасдан, балки ғаройиб резина ўрдак ёки лойдан қилинган кўзани эслатади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.