Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар инсон ҳуқуқлари ҳимоясида қандай кафолатлар беради?
Умумхалқ муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасида Бош қомуснинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартириш киритиш ҳамда 6 та янги модда (прим-модда) қўшиш таклиф этилмоқда. Асосий қонунимизнинг олий юридик кучга эга ҳужжат бўлишини таъминлайдиган конституцион ўзгартишларнинг инсон ҳуқуқлари ҳимоясига таъсири борми? Умуман, бугун бу соҳадаги ўзгариш ва янгиликлар нималардан иборат?
Шу ва бошқалар ҳақида “Аман” адвокатлар ҳайъати адвокати Маҳматқул Шукуров билан суҳбатлашдик.
- Асосий қонунга “Ҳар бир шахс адвокат ёрдамидан ўз танловига кўра ҳамда жиноят процессининг ҳар қандай босқичида фойдаланиш, шахс ушлаб турилганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деган 26-1-модда қўшиш таклиф этиляпти, - дейди М.Шукуров. - Яъни, бу билан шахс ҳар қандай вазиятда ҳам фақат ички ишлар идоралари ихтиёрида бўлиб қолмаслиги кафолатланяпти.
Аслида, ҳуқуқ-тартибот органларининг қайси бирида бўлмасин, томонларни, албатта, биринчи навбатда, мурожаатчини эринмасдан тинглаш, реал ҳолатни сўраб-суриштириш керак. Шунда сиз иш бўйича тўлиқ тасаввур ҳосил қиласиз, тингловчи эса дардини эшитганингиз учун сиздан рози бўлади. Адвокатурада шу жараёндан кейин мурожаатчининг ҳуқуқий муаммосини қонун нормалари билан асослантириб, тегишли идораларга ариза, илтимоснома ёки шикоят ёзиб берасиз.
Айтмоқчи бўлганим, қайси соҳада бўлмасин, процессуал қонунчилик ва уни амалиётда қўллаш бўйича етарли тажриба ва кўникма талаб этилади.
- Адвокатуранинг обрўсини кўтариш, жамиятда ўрнини ошириш борасидаги ҳаракатлар ҳақида айтяпсиз. Умуман, сўнгги 5-6 йилда фаолиятларингиз билан боғлиқ қандай арзигулик ўзгаришларни айтиб ўта оласиз?
- Энг аввало, сиз айтаётган муддатда муҳит ижобий тарафга ўзгарганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айнан давлатимиз раҳбари соҳага оид бир қатор ҳужжатларни имзолади. Пировардида касб тақлзосига кўра, йўлларимиз “кесишадиган” барча идораларда адвокатларга муносабат олдингидан анча яхшиланди.
Аслида, қайси соҳада бўлмасин, аввало, муносабат соҳа самарадорлиги, унинг ижобий имиджи шаклланишида муҳим роль ўйнаши шубҳасиз. Бевосита соҳага оид энг муҳим ўзгаришларга келсак, адвокатлик сирининг махфийлиги таъминланадиган бўлди. Бу каби мисолларни яна кўплаб санаб ўтиш мумкин.
- Лекин шунга қарамай, “чўнтак адвокатлари”, афсуски, ҳамон соҳадаги муаммо?
- Менга қолса, бунга давр, мавжуд вазият “имкон” яратган, деб айтган бўлардим. Аммо бу муаммо яқин орада бутунлай барҳам топади, деб ишонч билан айта оламан. Бунга давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 майдаги қарори тўла асос бўла олади.
Чунки қарорга кўра, келгуси йилдан “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга туширилади. Бунда тизим давлат томонидан адвокат тайинлаш жараёнини автоматлаштиради. Инсон омили аралашувининг олди олиниб, адвокатлар ишда қатъий рўйхат бўйича иштирок этадиган бўлади.
Яна бир гап. Конституциямизнинг 116-моддасига ҳам фаолиятимизга оид янги таҳрир киритилмоқда. Ўзгартишга кўра, қайд қилинган моддада “Адвокат шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди”, деб белгилаб қўйиляпти.
- Шу ўринда бевосита Конституцион ислоҳотларга муносабатингизни айтиб ўтсангиз. Чунки ҳамон айримларда бу жараённи тўла тушунмаганлар, унга ишончсизлик билан қараётганлар учраб турибди.
- Ҳар биримиз Асосий қонунимиз ўзгармас мутлақ ҳужжат эмаслигини англаб етишимиз керак. Агар шундай бўлмаганида унда ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби белгиланмаган бўларди. Қолаверса, амалга оширилаётган ҳар бир иш бевосита ана шу тартибга асосан бўляпти. Яъни, ҳеч бир эътирозга, шикоятга ўрин қолаётгани йўқ.
Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтишни истардим - киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, аввало, инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини олий даражага кўтариш учун қилиняпти. Биргина мисол, адвокатура билан боғлиқ битта прим модда киритилаётган бўлса, яна битта модда янги таҳрирда белгиланмоқда.
Шуларнинг ўзини узоқ шарҳлаш, халқимиз манфаати учун нечоғлиқ муҳимлиги тўғрисида гапириш мумкин.
Ё.Марқаев суҳбатлашди.