Конституцияга ўзгартиш киритилади

Олий Мажлис Сенатининг бугун ўтказилган ўн биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама этилиб, маъқулланди.

Кейинги йилларда юртимизда суд тизими ҳам такомиллашиб, соҳада бир қатор янгилик ва ўзгаришлар жорий этилди. Хусусан, 2020 йил 24 июлда давлатимиз раҳбарининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратди. 

Ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қонунга асосан суд тизимида вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгиланмоқда.

Маъмурий тартиб-тамойиллар ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.

Суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Давлатимиз раҳбари яқинда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратган эди.

А.Аҳмадов,
жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди судьяси,
Д.Нуралиев,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани суди судьяси.