Конституцияга таклифингиз борми?

Айни кунларда юртимизда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар олинмоқда. Депутатлар, олимлар ва турли соҳалар мутахассислари ва жамоатчилик вакилларидан иборат Конституциявий комиссия тузилиб, фаол иш олиб бормоқда.

“Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши ушбу жараёнда аҳоли фикрини ўрганиш, уларнинг таклифларини эшитиш мақсадида жойларда учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этмоқда.

Навбатдаги ана шундай тадбир Қўшработ туманида ўтказилди. Туман тиббиёт бирлашмасида, шунингдек, Болғали, Булоқбоши, Пангат маҳаллаларида уюштирилган тадбирларда тиббиёт ходимлари, маҳалла фаоллари ва турли соҳалар вакиллари иштирок этди.

– Ҳеч бир ҳуқуқий ҳужжат “догма”, яъни тошга ўхшаб қотиб турмаганидек, Конституция ҳам мамлакат ривожига монанд равишда, халқнинг манфаатларини тўлиқ кўзлаган ҳолда такомиллашиб бориши зарур, – деди “Адолат” социал демократик партиси сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. – Бош Қомусимиз ҳам бугун мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга оширишда асосий ҳужжат бўлиши ва янада мукаммал бўлиши лозим. Эндиликда Конституциямизда “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойиллари, “Инсон манфаатлари – иқтисодий ислоҳотларнинг бош мезони”, “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” сингари эзгу ғоялар акс этади. Айни шу йўналишлардан келиб чиқиб, конституциявий ислоҳотлар ўтказилмоқда ва унда бутун халқимиз иштирок этиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Учрашувларда партия фаоллари ва депутатлар конституциявий ислоҳотларнинг моҳияти ва кутилаётган натижалар ҳақида ўз фикрларини билдирди. Ўз навбатида тадбир қатнашчилари ҳаётий тажрибаси ва иш фаолиятидан келиб чиқиб, таклиф ва мулоҳазаларини баён этди.

– Конституциямизнинг 40-моддасида ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Шерали Равшанов. – Бугунги кунда тиббиёт соҳасида “ақлли тиббиёт”ни амалиётга кенг жорий этиш лозим ва бу қонунларимизда белгилаб қўйилиши керак. Бу соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга хизмат қилади.