Корпоратив облигация нима ва у қандай мақсадда чиқарилади?
Корпоратив облигация хусусий корхоналарни молиялаштириш учун чиқарилади. Тижорат банкларининг юқори фоизли кредитларини олиш ўрнига кенг аҳоли учун даромадли корпоратив облигацияларни чиқариш ҳисобига хўжалик жамиятининг молиявий барқарорлигини таъминлашда улардан фойдаланиш самарали ҳисобланади.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар билан ушбу молиявий инструмент банк кредитининг ҳақиқий муқобилига айланиши учун корпоратив облигацияларни чиқариш шартлари янада соддалаштирилди.
Яъни:
- корпоратив облигациялар суммаси жамиятнинг ўз капитали миқдоридан ошиши мумкин, бунда ошган қисмига таъминот бўлиши;
- сўнгги бир йилда (илгари сўнгги уч йилда) рентабеллик, тўловга қобилиятлилик, молиявий барқарорлик ва ликвидлиликнинг ижобий кўрсаткичларига эга бўлиши;
- облигациялар чиқарилишидан олдинги бир йил учун молиявий ҳисобот бўйича холис аудиторлик хулосаси мавжудлиги етарли бўлади.
Ҳозиргача акциядорлик жамиятларида корпоратив облигациялар чиқариш учун сўнгги уч йиллик молиявий ҳисоботлар ҳамда аудиторлик хулосалари каби амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда бир қатор ҳужжатлар талаб қилинганлиги сабабли банклар кредитларининг ҳақиқий муқобилидан ўз вақтида фойдаланилмаган. Яъни, юқори фоизли банк кредитларини олиш эвазига харажат кўпайиб борган сари жамият фойдаси камайиб кетиши билан биргаликда зарар кўраётганлиги ҳамда акциядорларга дивиденд ўз вақтида тўланмаслигига сабаб бўларди.
Эндиликда капитал бозорида яратилган қулайликлардан хўжалик жамиятлари иштирокчилари ва раҳбарлари самарали фойдаланган ҳолда корпоратив облигациялар чиқаришни йўлга қўйилади. Кейинги йилларда айланма маблағлар танқислигига эҳтиёж қолдирмайдиган ҳақиқий муқобили орқали инвесторлардан бевосита шартномалар орқали облигациялар чиқариш ҳисобига маблағ олиш ва облигацияда белгиланган муддат ва фоизларда даромадлар тўланади.
Бундан кўринадики, эмиссияда белгиланган муддатдан сўнг корпоратив облигациялар сўндирилади ва ушбу муддатда молиялаштирилган маблағлар ҳисобига жамият ишлаб чиқариши бардавом ўсади, молиявий барқарорлиги таъминланади. Қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи - Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, капитал бозоридаги лицензияга эга бўлган инвестиция институтлари тегишли зарурий ҳужжатларни тайёрлашда маслаҳатлар беради ҳамда яқиндан амалий ёрдам кўрсатади.
Юқорида қайд қилинганларни инобатга олган ҳолда хўжалик жамиятлари корпоратив облигацияларни чиқариш тўғрисидаги таклиф ва мулоҳазаларини Агентликнинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси хизмат ишонч телефон (66) 233-16-49 рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ахборот хизмати.