Кўзи ожизлик унга ХХ асрнинг нуфузли шахсига айланишига тўсқинлик қилмади
14 ёшида Лев бахтсиз ҳодиса туфайли кўриш қобилиятини йўқотди: портлаб кетган примус печкаси (иситиш ва овқат пишириш мосламаси) унинг юзини қаттиқ куйдирди. Муваффақиятсиз жарроҳлик операциясидан кейин бола бутунлай кўр бўлиб қолди.
Унинг отаси Семён Акимович учун бу ҳақиқий фожиа эди. Лёва мактабни тарк этишга мажбур бўлди, бироқ Понтрягинлар оиласи бола синфдошларининг унга нисбатан қилган муносабатидан ҳайратда қолишди.
Дўстлари уни ҳар куни уйдан олиб чиқиб, мактабга олиб борар, ўрганилган дарсларни айтиб бериб, кейин яна уйига келтириб қўйишарди. Лев мактабни олтин медаль билан тугатди ва институтга ўқишга кирди. У ерда ҳам унинг кўзларига айланган дўстлари топилди.
Отасининг ўлимидан сўнг Лёванинг онаси Татьяна Понтрягина ўзини ўғлига бағишлади. У ўғли билан бирга мактаб дарсликларини ўзлаштирди, кейин институтнинг тайёрлов курсларига ўқишга кирди. Ўғли 1925 йилда Москва университетининг физика-математика факультетига ўқишга кирганидан сўнг, у талаба ўғлига ёрдам бера бошлади ва махсус у учун немис тилини ўрганди ва кечқурунлари ўғлига овоз чиқариб ўқиб берарди.
Механика соҳасидаги олим ва ўқитувчи Андрей Минаков у тўғрисида шундай эслайди: “Профессор Николай Бухгольцнинг маърузаси бўлиб ўтарди, талабалар диққат билан тинглаяпти, тўсатдан Понтрягиннинг овози эшитилди: “Професор, сиз чизмада хато қилдингиз!”. У кўзи ожиз бўла туриб чизмадаги ҳарфларнинг тартиб жойлашиши алмашганини “эшитиб”, тушуниб олди”.
У Брайл алифбоси ёки кўзи ожизлар учун ёрдамчи воситалардан фойдаланмаган, бироқ маърузаларни фақат эшитиб ёдлаган. Кечалари эса у эшитганларини такрорларди. Шунингдек, чанғи ва конькида учишни, байдаркада сузишни ҳам яхши кўрарди.
Лев Семёнович Понтрягин узоқ машаққатли йўлни босиб ўтиб, ХХ асрнинг энг буюк математикларидан бирига айланди. Понтрягин мактабининг иши бутун дунё бўйлаб ўзгарувчанлик ва бошқарув назариясининг ривожланишига катта таъсир кўрсатди.
Профессор шогирдларининг хотираларига кўра, у ажойиб дўст бўлган. Ҳар доим ёрдам қўлини чўзган – бошқа одамларнинг муаммоларини ўзиникидек билиб, уларни қандай ҳал қилиш ҳақида ўйларди, ҳатто нуфузли одамлар билан муносабатларни бузишдан қўрқмасдан турли йўлларни синаб кўрар, бу учун кучини ҳам, асабини ҳам аямасди.
Лев Понтрягин умрининг охирида ўзи гувоҳи ва иштирокчисига айланган воқеаларга баҳо берилган, кўплаб олимларга тавсиялар қилинган ва хотиралари батафсил тасвирланган “Л.С.Понтрягиннинг таржимаи ҳоли, унинг ўзи тузган математикаси” ёдномасини ёзди...
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.