Лариса Савицкая: 5200 метр баландликдан қулаб тирик қолдим
Икки самолёт беш километрдан зиёд баландликдан Тайгага қулаб тушди. Оғир "Ту-16" бомбардимон ва "Ан-24" йўловчи самолётлари тўқнашуви иккаласи учун ҳам ҳалокатли кечди. Ҳарбий учувчилар шу заҳоти ҳалок бўлди – сониясига 20 айланиш тезлигида айланадиган лайнер винти бомбардимон самолёт кабинасини кесиб бўлаклади.
Табиатнинг барча қонунларига кўра 5 километр баландликдан тушган 38 кишидан ҳеч ким омон қололмасди. Саккиз дақиқалик эркин қулаш Лариса Савицкаядан ташқари барча учун ўлим жазосига айланди – тақдирнинг шафқатсиз бевафолиги унинг асал ойини даҳшатли фалокат ва ақл бовар қилмайдиган нажот билан якунлади.
***
Лариса Андреева ва Владимир Савицкий 1981 йилнинг баҳорида турмуш қурди. Ёшларнинг иккаласи ҳам Благовешенскдаги турли олий ўқув юртлари талабаси бўлганлиги сабабли, асал ойи саёҳатини ёз охирига қолдиришди. Август ойида улар аввал Ларисанинг қариндошлари яшайдиган Владивостокка, кейин эрининг ота-онаси турадиган Комсомольск на Амур шаҳрига боришди. Саёҳатчилар 24 августда Комсомольск-Благовешенск рейсига ўз уйига қайтиши керак эди. Ҳавога кўтарилган самолётдаги 47 ўриндан 20 таси бўш эди.
Диспетчер хизмати Амур вилояти жануби-шарқидаги Завитинск тумани Бахирево қишлоғи осмонидаги фалокатни маҳаллий вақт билан соат 15.21 да қайд этди. Тўқнашув "Ан-24" йўловчи самолётининг қаноти ва фюзеляжининг бир қисмини юлиб олди.
Ҳаммаси яшин тезлигида содир бўлди, кейинроқ Лариса бу даҳшатни қуйидагича тасвирлаб берди: “Мен даҳшатли зарба ва куйиш, ҳарорат бир зумда 25 даража иссиқдан минус 30 га тушишини, даҳшатли қичқириқлар ва ҳавонинг гувиллашини сездим. Эрим шу заҳотиёқ вафот этди – унга қарадим, юзи қонга беланган. У энди йўқлигини англадим. Ҳамма нарса менга бефарқ бўлиб қолди, ўша пайтда ҳаётим мен учун тугади, ҳатто қичқирмадим. Қайғу туфайли қўрқувни англашга улгурмадим, самолёт тушарди, мен Володядан ошиб, курсидан улоқтирилдим ва йўлакда полда уйғониб кетдим. Афтидан полга урилганда, ўнг қўлим синган. Лекин зарбанинг ўзини эслолмайман”.
5220 метр баландликдан қулаш узоқ 8 дақиқа давом этди. Кейинчалик Лариса ўзининг инстинктив ҳаракатлари ва қарийб бир ярим минг сониялик ҳис-туйғуларини тушуниб етишга ҳаракат қилди: “Мен курси ёндорини ушладим ва бор кучим билан пол ва ўриндиқдан оёқларим билан итарилишга ҳаракат қилдим. Буни менга ҳеч ким ўргатмаган, қаердан келганини билмайман. Кейин аниқланишича, тўғри иш тутган эканман”, эслади Лариса йигирма йил ўтгач.
Охири бахтсиз самолётнинг думи қулаб тушди ва Лариса ғайритабиий куч билан ёпишган стул 3 га 4 метрлар атрофида бўлган самолёт парчаси устида у билан бирга айлана бошланди. Унга яна омад кулиб боқди: унинг бўлаги дарахтдан узилган баргга ўхшаб том маънода эгри-бугри чизиқда ерга қараб силжирди.
Қутқарув ишлари фаол олиб борилмади. Барча авиаҳалокат қурбонлари учун қабрлар қазиб қўйилган эди. Лариса Тайгада уч кун самолёт қолдиқлари ва ҳалок бўлган йўловчилар жасадлари орасида ўзига чайла яшаб жон сақлади.
Лариса Савицкая икки марта - катта баландликдан йиқилиб омон қолган одам ва авиаҳалокатда жисмоний шикастланиш учун минимал товон пули олган шахс сифатида (1981 йил ҳисоби билан 75 рубль) "Гиннеснинг рекордлар китоби"га киритилган.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.