Маҳаллий бюджетда эркин қолдиқ маблағлари кўп, аммо уни сарфлашнинг талаблари бор 

Шу йил 7 июнь ҳолатига Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетида 147 627,5 миллион сўм қўшимча манба шаклланган бўлиб, шундан эркин қолдиқ маблағлари 95 677,8 миллион сўм ва жорий йил биринчи чорак даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми 51 949,7 миллион сўмни ташкил қилди, дея хабар берди вилоят молия бош бошқармаси.

Шунга кўра, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, корхона-ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳолига қулайликлар яратиш каби эзгу мақсадлар учун бу маблағларни қўшимча тадбирларга йўналтирди. Яъни, бу бўйича жами 143 744,5 миллион сўмни турли фойдали тадбирларга сарфлаш учун қарорлар қабул қилинди. Шундан эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 94068,6 миллион сўм ва жорий йил биринчи чорак даромадлари режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан 49 675,9 миллион сўм ҳисоб-китоб қилинди.

Қабул қилинган қарорлар ижроси таҳлил қилинганда 30 324,8 миллион сўмлик тадбирларга йўналтирилган маблағлар ўзлаштирилмагани аниқланди. Хўш, нега?

Гап шундаки, маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ маблағларини сарфлашнинг ҳам ўз талаблари бор. Яъни, йўналтирилган пул аниқ, мақсадли ишлатилиши керак. Акс ҳолда ажратилган маблағ ноқонуний сарфланган ҳисобланади.

Шу каби талабларни бажаришнинг “уддасидан чиқмаган”лиги боис вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси 2021 йил 12 февралда маҳалла рисларига планшет сотиб олиш учун ажратилган 2 420,0 миллион сўм маблағни ўзлаштира олмаган. Бунга сабаб тендер савдолари ўтказилмаган. Оқибатда 19 февралда планшетларга симкарта сотиб олиш учун ажратилган 385,0 миллион сўм маблағ ҳам ишлатилмай турибди.

Ёки вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасига Нарпай туманида жойлашган кўп хонадонли уйларни таъмирлашдан вужудга келган қарздорликни қоплаш учун 89,8 миллион сўм ажратилган. Ҳозиргача бу маблағнинг 62,8 миллион сўми ишлатилган. Аммо қолган 27,0 миллион сўми ўзлаштирилмаган.

Шунингдек, шу йил 28 май куни Самарқанд давлат музей-қўриқхонасига Самарқанд шаҳар Мирсаид Барака кўчаси 47-уйда жойлашган бинода ташкил этилаётган Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейини таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар учун 735,0 миллион сўм ажратилган. Гарчи вилоят молия бош бошқармаси томонидан маблағлар дастурга киритилиб, сметаси режалаштирилган бўлса-да, тендер савдолари ўтказилиши билан боғлиқ масала туфайли ишлатилмай турибди.