Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Марҳум аёл Ироқ парламенти депутати этиб сайланди

Ироқда муддатидан олдин ўтказилган парламент сайловларида овоз бериш натижаларига кўра, ёз охирида коронавирусдан вафот этган бағдодлик Ансам Мануэл халқ депутати бўлди. Бу ҳақда Al Arabiya‎ телеканали маълум қилди.

Сиёсатчи пойтахт туманидан мустақил номзод сифатида қатнашган эди. Унга 2397 сайловчи овоз берган.

Аммо маълум бўлишича, ёзда у коронавирус билан касалланиб, касалхонада бир ойдан кўпроқ курашган ва август ойи охирида касаллик асоратлари туфайли вафот этган.

Техник сабабларга кўра, марҳумнинг исми бюллетенлардан олиб ташланмаган ва кўплаб сайловчилар унга овоз беришган. Энди қоидаларга кўра, марҳум депутатдан қўлга киритилган овозлар бўйича кейинги номзод Ироқ парламентида ўрин эгаллайди.

Телеканал маълумотларига кўра, 10 октябрь, ўтган якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларида 97 аёл ғолиб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойининг бошларида Қатарда ҳам парламент сайловлари бўлиб ўтди. Кенгашдаги 30 ўрин учун 233 номзод, жумладан, 26 аёл курашди. Бироқ уларнинг ҳеч бири етарлича овоз тўплай олмади.