Марс жумбоғи

Марс Қуёш тизимида Ердан кейин тўртинчи сайёра, икки йўлдош – Фабос ва Даймосга эга. Ўз ўқи атрофида айланиш вақти салкам Ер билан баробар – 24 соат 37 минут.

Ердан кўринадиган Қуёш тизимидаги сайёралар орасида айнан Марс доимо астрономлар диққатини жалб қилиб келган. Унинг қизил рангдалиги эьтиборни тортган ва шу боис қадимги халқлар Марсни урушлар худоси, деб ҳисоблашган.

Марсни тадқиқ қилишга уриниш қадимги Миср ва Бобилда 3,5 минг йил аввал бошланган ва астрономлар сайёрани жойлашган ўрнини олдиндан айтиш учун математик усуллар ишлаб чиқишган.

Марсни биринчи телескопик кузатув 1610 йилда итальян олими Галилео  Галилей томонидан амалга оширилган. XVII асрда астрономлар сайёрада бир-биридан ёрқинлиги билан ажралиб турадиган қутб музликлар қалпоғини ва Катта Сирт деб ном олган улкан қора доғни аниқлашган.

XIX аср бошларида телескопларнинг такомиллашуви Марс юзасини харитага тушириш имконини берди. Биринчи харита 1840 йилда эълон қилинган. Кейинчалик астрономлар томонидан Қизил сайёрада сув молекулаларининг спиралсимон чизиғи аниқлангач, одамлар ўртасида Марсда ҳаёт бўлиши эҳтимол, деган фикр уйғонган. 1877 йилда америкалик астроном Персивол Лоуэлл Марсда сунъий каналлар тармоғи борлигини кўрганлигини айтгач, сайёрага қизиқиш янада кучайиб кетди.

Қизил сайёрани тадқиқ қилишнинг янги босқичи 1960 йилда бошланди. Совет космик аппаратлари “Марс”лар кетма-кет сайёра томон учирилди. Ўшандан буён кўплаб совет, америка космик аппаратлари Марс томон учирилди ва улар сайёра ҳақида қимматли маьлумотлар, суратларни Ерга узатди. Марс атмосферасини ўрганиш ҳозир ҳам давом этмоқда. Американинг “Викинг- I”, совет “Марсаход”лари Марс атмосфераси ва тупроғи ҳақида жуда кўп қимматли маълумотларни Ерга узатган. Бу тадқиқотларга ҳозирда Хитой, Ҳиндистон каби давлатлар ҳам фаол қўшилган. Албатта, Марсни ўрганиш жараёнида сайёра ҳақида маълумотлар кўпаймоқда. Бироқ тадқиқотлар чуқурлашаётганига қарамай, Марс жумбоқ сайёралигича қолмоқда.

Америкалик миллиардер Илон Маск компанияси яқин йилларда Марсга туристик парвозларни йўлга қўймоқчи. Эҳтимол, ўшанда бизга жумбоқ бўлиб келаётган яқин сайёра ўз сирларини очар...

Т.Шомуродов тайёрлади.