Масала кўп, аммо натижа муҳим

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишини халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири Ш.Йўлдошев бошқарди.

Депутатлар дастлаб сессия иш ва кун тартибини тасдиқлаб олди.

Камчиликларни ҳал этишга бир ой муддат

 Сессия ишида Самарқанд тумани ҳокими Н.Мавлоновнинг қайд этишича , ҳудудда тадбиркорлик субъектлари сони 5 344 тани (ўтган йилга нисбатан 127 фоиз), шундан кичик бизнес субъектлари 3567 тани ташкил этмоқда.

Хорижий тиллар қандай ўқитиляпти?

Сессияда муҳокама қилинган ушбу масала бўйича Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори И.Тўхтасинов ва вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Шодиеванинг ҳисоботи тингланди.

Қайд этилишича, вилоятдаги ихтисослаштирилган мактабларда хорижий тилларни ўқитиш бўйича Самарқанд давлат чет тиллар институти таянч олий таълим муассасаси этиб тасдиқланган.

Мавжуд умумтаълим мактаблари негизида хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этиш бўйича вилоятимиздан 18 та умумий ўрта таълим мактаби институтнинг 13 та мутахассислик кафедраларига бириктирилган. Ушбу мактабларни техник воситалар билан жиҳозлаш мақсадида 2 миллиард 322 миллион сўм ажратилади.

- 2020/2021 ўқув йилида умумий ўрта таълим муассасаларида 734 минг 398 нафар ўқувчига 5 минг 404 нафар чет тили ўқитувчилари дарс берди, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Шодиева. – Хорижий тиллар ўқитувчиларининг 97,6 фоизи олий, 2,4 фоизи эса тугалланмаган олий маълумотли.

Қайд этиш лозимки, жорий йилда умумий ўрта таълим мактабларини 11-синфини битираётган 199 нафар ўқувчи муддатидан олдин хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. 147 нафар битирувчи эса халқаро сертификат (IELTS бўйича 141 нафар, CEFR бўйича 6 нафар) олди.

Бундай муваффақиятлар кўламини кенгайтириш мақсадида Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон ва Пайариқ туманларига бошқа вилоятлардан ўқитувчилар (Бухородан 2, Навоийдан 2, Жиззахдан 2, Қашқадарёдан 2 нафар) ишга қабул қилинди. Бироқ мактабларимизда янги ўқув йили учун яна 95 нафар инглиз, 10 нафар немис ва 4 нафар француз тили ўқитувчиларига эҳтиёж мавжуд.

Сессия ишида ушбу эҳтиёжни қондириш, умуман, хорижий тилларни ўқитишни чуқурлаштириш борасида режалар атрофлича муҳокама қилинди. Мутасаддиларга бу борада зарур тавсиялар берилди.

Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари

Сессияда вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғининг ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил этиш борасида йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан ҳисоботи эшитилди. Ҳисоботда қайд этилишича, жорий йилда 18 минг 205 нафар фуқарони ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш ва бунинг учун 19,1 миллиард сўм маблағ ажратиш бўйича харажатлар сметаси тузилган.

Бироқ ўтган 6 ой давомида буюртмачи-иш берувчиларнинг буюртмаларига асосан 8 минг 448 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни жамоат ишларига жалб этиш учун 8 миллиард 239,4 миллион сўмлик йиғма буюртманомалар шакллантирилган.

Президент топшириқлари амалда (ми?)

Сессия ишида мазкур масала юзасидан вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Б.Раҳматуллаев ҳисоботи кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 августдаги “Ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши билан “Ijro.gov.uz” электрон тизими жорий қилинган. Тизим орқали вилоятга 869 та ҳужжат асосида 5 минг 954 та топшириқ келиб тушган. Ушбу топшириқларнинг 4 146 таси ижро этилган, лекин 724 таси айрим сабабларга кўра муддатидан кеч бажарилган, 1796 та топшириқ ижро этилаётган бўлса, 12 та топшириқ қўшимча муддат талаб қилинаётганлиги сабабли бажарилмаган.

Ижроси кечикаётган Президент топшириқлари юзасидан депутатларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди. Бу борада галдаги вазифалар белгиланиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Депутатлар шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг жорий йил II ярим йиллигига мўлжалланган иш режасини тасдиқлаб олдилар.

Бундан ташқари, вилоятни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Муҳокамалардан сўнг тегишли тузатишлар киритилиб, “Йўл харита”лари тасдиқланди.

Сессияда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари тасдиқланди .