Масала пишиқ тайёрланса, саволга ўрин қолмайди
Бугун ўтказилган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма еттинчи сессияси асосий хулосаси шундай бўлди.
Сессия ишини вилоят ҳокими, Кенгаши раиси Э.Турдимов бошқарди.
Етим болаларни депутатлар ҳам оталиққа олмоқчи
Сессия кун тартибига кўра, дастлаб вилоятда ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Х.Очиловнинг ҳисоботи эшитилди.
Ҳоким ўринбосарининг айтишича, вилоятда васийлик ва ҳомийлик органлари ҳисобида 18 ёшгача бўлган 5148 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳисобга олинган. Уларнинг 2912 нафарига васийлик, 998 нафарига ҳомийлик тайинланган. 1209 нафари фарзандликка, 29 нафари оилага тарбиялаш патронатга берилган.
Бугунги кунда 99 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларни уй-жой билан таъминлаш масаласи мавжуд. Уларнинг 59 нафари (Самарқанд шаҳрида 45, Жомбойда 4, Пайариқда 3, Булунғур ва Ургутда 2 нафар, Нарпай, Паст Дарғом, Тойлоқда 1 нафардан) амалдаги тартибда уй-жойга муҳтож сифатида туман (шаҳар) ҳокимликларида навбатга олинган, қолган 40 нафарининг ҳужжатлари расмийлаштирилмоқда.
Х.Очилов етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор таклифларни ҳам билдирди. Жумладан, уларга касб-ҳунар ўргатиш мақсадида 1-сонли Меҳрибонлик уйида маҳаллий бюджет захира маблағлари ҳисобидан электромонтаж ва сантехника йўналишида ўқув устахона қуриш ва жиҳозлаш, уй-жой билан таъминлаш, Меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларнинг доимий бандлигини таъминлаш, Меҳрибонлик уйини “Болалар шаҳарчаси”га айлантириш ва тарбияланувчиларни оила бўлиб истиқомат қилишлари учун шароит яратиш, етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларни тарбиялаш учун оилалар (патронат)га бериш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.
Депутат Г.Қўчқорова ота-онасиз, етим қизлардан бирини ўз қарамоғига олиб, касб-ҳунар ўргатиш, уй-жой билан таъминлаш ташаббусини билдирди. Яна бир депутат Ҳ.Ўроқов ҳам бир нафар тарбияланувчи учун уй-жой қуриб беришини билдирди.
Ҳисоботлар маъқулланди
Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи С.Маҳмараҳимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ҳисобот берди.
Таъкидланишича, ушбу фармон асосида вилоятда 68 та давлат активлари хусусийлаштирилиши белгиланган бўлиб, ҳозиргача 52 таси аукцион савдоларига чиқарилиб, 31 таси 69 миллиард сўмга сотилган.
Алоҳида ёндашув асосида хусусийлаштирилиши белгиланган 14 та активлар, яъни 10 та газета ва нашриёт корхоналар, 2 та ахборот технологиялари ва компьютер хизматлари кўрсатиш марказлари, 2 тиббиёт муассасаси (Каттақўрғон шаҳар ва Тойлоқ туман стоматология поликлиникаси) бўйича корхоналар фаолият турини сақлаб қолиш шарти билан, биринчи навбатда меҳнат жамоасига сотиб олишни таклиф этиш юзасидан тегишли таклифлар давлат активларини бошқариш агентлигига тақдим этилган.
Вилоятдаги 58 та бозор ва савдо комплексларини юқоридаги фармонга асосан бошқарув тизимини такомиллаштириш ва уларни босқичма-босқич хусусийлаштириш белгиланган ва ҳозирда уларнинг мулкий, ҳуқуқий ва молиявий муаммолари ўрганилмоқда.
Ўтган сессияда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 24 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиқулов, Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси раҳбари Ф.Худойқулов ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.Ахмеджановларнинг ҳисоботи пухта тайёрланмагани учун қабул қилинмаган ва кейинги сессияларда қайта эшитишга қарор қилинганди.
Бу гал мутасаддилар Ургут тумани Вағашти маҳалла фуқаролар йиғини мисолида фармон ижроси юзасидан амалга оширилган хатлов натижалари ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, хатлов натижасида маҳаллада 527 та кўчмас мулк объектида 36 гектар ер майдони ортиқча эгалланганлиги, 141 та уй-жойда мулк қиймати 4009,9 миллион сўмга кам белгиланганлиги аниқланган. Шундан, 10 гектар ер майдони ва 1 миллиард 805 миллион сўмлик мулкдан иборат қўшимча 37 та турар жой объектлари аниқланди. Мазкур объектларга охирги 5 йил учун 1801,1 миллион сўм солиқ қўшимча ҳисобланди.
Масалалар доимий комиссияларда кўриб чиқилган
Сессия муҳокамасига киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонининг ижроси ҳақидаги, “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали директори О.Исоқуловнинг 2021 йил 26 февралдаги “Вилоятда табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботлари белгиланган тартибда дастлаб тегишли доимий комиссияларида кўриб чиқилиб, муҳокама этилгани таъкидланди. Шу боис депутатлар бу ҳақда масъулларнинг ҳисоботини эшитмасдан, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирган ҳолда қарор қабул қилдилар.
Вилоят ҳудудларида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” асосида амалга оширилаётган ишлар тизимли йўлга қўйилмаган секторлар раҳбарларининг ҳисоботлари тўғрисидаги масала юзасидан аниқ тўхтамга келинмагани, бу борада ҳали ўрганиш ишлари борилиши лозимлиги туфайли бу масала кейинги сессияларда муҳокама этилиши белгиланди.
Сессияда Кенгаш ваколатига тааллуқли бир қатор масалалар юзасидан ҳам тегишли қарорлар қабул қилинди.