Месси “Барселона”да қолишга қарор қилди
“Барселона” ҳужумчиси Лионел Месси Каталония футбол клубида қолишга қарор қилди. Бу ҳақда “Marca” нашри хабар берди.
Тақдим этилган маълумотга кўра, гуруҳдан кетишни режалаштирган ҳужумчи сўнгги бир неча кун ичида қарорини ўзгартирган. Аргентиналик футбол устаси яна бир мавсум “Барселона” таркибида тўп суриши мумкин. Қолиш қарорининг асосий сабаби этиб, “Барселона” шартномани бекор қилишни хоҳламагани кўрсатилмоқда. Шунга қарамасдан, Мессида муаммони суд орқали ҳал қилиш имкони мавжуд. Бироқ футболчи клуб билан зиддиятга боришни истамади.
Футболчининг отаси ва агенти Хорхе Месси 3 сентябрь куни “Барселона” президенти Хосеп Бартомеу билан учрашганидан сўнг унинг ўғли яна бир мавсум клубда қолиши мумкинлигини айтиб ўтди.
Мессини ўз таркибига қўшиб олиш учун асосий давогар Англиянинг “Манчестер Сити” клуби бўлиб қолмоқда. Бироқ 1 сентябрь куни “шаҳарликлар” бош мураббийси Хосеп Гвардиола ҳужумчига “Барселона”да қолишни маслаҳат берди. У бу ҳолатни трансфернинг иқтисодий қийинчиликлари билан изоҳлади.
Месси 2003 йилдан буён фаолият олиб келаётган “Барселона”дан гуруҳ ичидаги ички низолар сабабли кетишни режалаштирган эди. Жорий йилдаги Чемпионлар лигасининг чорак финалида унинг жамоаси “Бавария”га 2:8 ҳисобида мағлубиятга учраганидан сўнг Мессининг кетиш жараёни янада тезлашиб кетди.