МИБ. “Энергосотиш”. Истеъмолчи. Ҳақиқат учбурчакнинг қайси томонида?

Оила йиллар давомида маблағ жамғариб янги уй сотиб олди. Барча ҳужжатлар тўпланиб нотариус орқали расмийлаштирилди ҳам. Оила аъзолари ўз уйларига эга бўлганликларидан беҳад шод. Лекин орадан бир неча йил ўтиб қайсидир ҳужжат нотўғри бўлиб чиқса, кўнгилда ҳаловат қоладими?

Таҳририятимизга Самарқанд тумани Хўжа Аҳрор Вали-1 маҳалласида яшовчи Қўзи Миромов йўллаган шикоят аризасида шундай ҳолат баён этилган.

- Биз 2003 йил 15 декабрда Самарқанд шаҳри Зарафшон маҳалласи Абдуллаева кўчасидаги 15-уйни сотиб олиб, нотариус орқали расмийлаштирдик, - деб ёзади Қўзи Миромов. – Унгача тегишли идоралардан қарздорлик ва бошқа розилик берувчи бир қанча ҳужжат тўпладик. Куёвим ҳам, қизим ҳам II гуруҳ ногирони бўлганлиги боис барча ҳужжатларни ўзим расмийлаштирдим. Барча расмиятчиликлар тугагач, куёвим ва қизим янги уйда яшай бошлади. 2013 йил 23 сентябрда Самарқанд шаҳар энергосотиш бўлимининг икки нафар назоратчиси хонадондаги Со2м 54906564-рақамли электр ҳисоблагич бўлим базасида йўқлиги, базада Со2м 05011432-рақамли ҳисоблагич мавжудлиги туфайли далолатнома тузиб, 2 миллион 312 минг 640 сўм жарима белгилашди. Хўш, ундай бўлса уйнинг аввалги эгаси нега бундан бехабар бўлган? Қолаверса, биз уйни сотиб олиб, расмийлаштираётганимизда Самарқанд шаҳар электр тармоқлари корхонасидан ҳам қарздорлик бор-йўқлиги борасида ҳужжат олганмиз, агар ҳақиқатда рақам нотўғри бўлса, нега мутахассислар ўша пайтда бу тарзда ҳужжат беришган? Куёвим ва қизим бу ҳолатни кичик англашилмовчилик сифатида кўриб кўп ҳам эътибор бермаган ва истеъмол қилган электр энергияси учун тўловларни тўлаб юраверган. Мен эса уйга ўрнатилган ҳисоблагич бўйича маълумот сўраб шаҳар энергосотиш бўлимига мурожаат қилдим. 2019 йил 31 майда бўлим бошлиғи Ж.Жўраевнинг имзоси билан берилган маълумотда 1112135-сонли шахсий ҳисоб рақамига 1998 йил 1 майда СО2М 05011432-сонли индукцион электр ҳисоблагич ўрнатилган ва электр ҳисоб дастурий комплексидан рўйхатдан ўтганлиги билдирилган. Бу билан эса биз пул тўлашдан қочиб ҳисоблагични бошқасига алмаштирган бўламиз-ку, яна кимнингдир айби билан қарийб 2,5 миллион сўм жарима ҳам тўлаш мажбурияти юкланган. Ушбу англашилмовчиликни бартараф этиш учун 2019 йил 3 июнда «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти раҳбарига ариза билан мурожаат қилдим. 2019 йил 19 июнда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбари мурожаатим юзасидан Т23/0000012018-сонли қоидабузарлик аниқланиб, далолатнома расмийлаштирилгани ва электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузганлигимиз учун 2  миллион 312 минг 640 сўм миқдорида жарима белгиланиб, бу зарарни мажбурий ундириш учун Самарқанд шаҳар энергосотиш бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судига даъво аризаси киритилганлигини маълум қилди. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 12 июлдаги маълумотида эса Самарқанд шаҳар энергосотиш бўлимидан Мирмаҳмуд Юсупов (куёвим)дан қарзни ундириш тўғрисида ҳеч қандай даъво аризаси суднинг иш юритувига келиб тушмаганлиги ва бундай иш кўриб чиқилмаганлиги билдирилди. Англашилмовчиликка вилоятдаги идоралардан ечим тополмагач, Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим. Йўллаган мурожаатим Самарқанд шаҳар прокуратураси ва Мажбурий ижро бюроси шаҳар бўлими мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, электр энергияси истеъмолидан 2 миллион 96 минг сўм қарздорлик борлиги маълум бўлди.

Шундан сўнг Қ.Миромов Т23/0000012018-сонли далолатномани ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига мурожаат қилади. Иш кўрилишида Самарқанд шаҳар энергосотиш бўлимидан ҳеч ким қатнашмаганлиги сабабли фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди ишни сиртдан кўриб 2013 йил 23 сентябрдаги Самарқанд шаҳар Абдуллаева кўчаси 15-уй бўйича тузилган Т23/0000012018-сонли далолатномани ҳақиқий эмас, деб топган.

Ҳақиқат қарор топди, аммо бир хатолик, деб оила йиллар давомида идорама-идора қанча сарсонгарчиликларни бошдан кечирди. Аслида ҳақиқатда ҳам қарздорлик бўлганми?  Агар бўлса нега суд ишида қарздорлик нотўғри эканлиги исботланди?

- 2013 йилда “Сиёб”, “Темирйўл” ва “Боғишамол” бўлимлари аҳолига хизмат кўрсатган, - дейди Самарқанд шаҳар энергосотиш бўлими ҳуқуқшуноси Баҳодир Усмонов. – Аввал бу масала билан бошқа мутахассислар шуғулланган, мен ишга келганимдан сўнг Қ.Миромов қарздорликни аниқлаш масаласида мурожаат қилди. Биз мурожаат асосида имкон қадар керакли ҳужжатларни топиб масалани ечишда ижобий ёрдам бердик. Ҳисоб рақам солиштирилиб, М.Юсуповнинг электр энергиясидан қарздорлиги йўқ ва аксинча олдиндан 8187 кВтгача ортиқча тўлов борлиги аниқланди.

Бир қарашда масала ижобий ҳал этилди, муаммо қолмади, фуқаро нореал қарздорликдан қутулди. Аммо энди бошқа идоранинг даъвоси Қ.Миромов ва фарзандларининг ҳаловатини бузди. Аниқроғи, Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи Ф.Файзиевнинг имзоси билан 2019 йил 16 декабрдаги маълумотномада Қ.Миромовнинг Бош прокуратурага йўллаган мурожаати асосида ўтказилган хатлов натижасида М.Юсуповнинг электр энергиясидан 2 миллион 312 минг 640 сўм қарзи борлиги аниқланиб, бу қарз 1112135-сонли ҳисоб рақамга киритилган. Ҳозирги кунда эса электр энергиясидан қарздорлик 2 миллион 467 минг 554 сўмга етган ва бу қарз тўлиқ қоплангандан кейин электр таъминоти қайта тикланиши маълум қилинган. Ажабо, бир масала юзасидан икки идоранинг фикри икки хил, кечаги гап бугунга тўғри келмайди. Кимга ишонишни, қайси ҳужжатга таянишни ҳам билмайсан.   

Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси эса суд қарорида далолатнома рақами айнан келтирилмагани туфайли қарзни тўхтатишни истамаяпти.

- Минг афсуски, шундай, - дейди Қ.Миромов. – Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси масъуллари нега суд қарорида Т/23 далолатнома рақами келтирилмаган, дейишмоқда. Буни қандай тушуниш мумкин. Наҳотки, бир жумла учун суд қарори инкор қилинса. Хўп, суд ноқонуний қарор чиқарган, деб ҳисобланаётган бўлса, нега менга эмас, судга мурожаат қилишмайди. Бунинг учун ҳуқуқшунос бўлиш керакмас-ку!

Ёшим қарийб 75 га борди, неча йиллардан буён масалани ойдинлаштираман, деб вилоятдаги ташкилотлар эшигида сарсонман. Яна неча йил сарсонгарчилик азобини чекишим керак.

Отахоннинг куйинишида ҳам жон бор. Фуқаро йиллар давомида ҳақиқатни юзага чиқариш учун бир неча маротаба Тошкентга бориб Энергетика вазирлиги, Бош прокуратурага шу масала юзасидан мурожаат қилган, вилоятдаги деярли барча шу соҳа масъулларига учрашган, шу ишни ойдинлаштириш учун жарима миқдоридан ҳам кўпроқ маблағ сарфлаган. Ва ниҳоят суд қарори билан кўп йиллик муаммога ижобий ечим топилганда яна бир масъул ташкилот рақам айнан келтирилмаган, дея суд  қарорини тан олишни истамаяпти. Нега ахир? Қоғозбозликни деб бир-биримизни яна неча йил қийнаймиз?

- 2013 йилда вилоят электр тармоқлари корхонаси мутахассислари томонидан Самарқанд шаҳри Зарафшон маҳалласи Абдуллаева кўчасидаги 15-уй бўйича далолатнома расмийлаштирилган, - дейди Мажбурий ижро бюроси вилоя бошқармаси ходими Элдор Маҳмудов. – 2017 йилда Мажбурий ижро бюроси ташкил этилгач, биз бу каби тўловлардаги қарздорликни ундиришни бошладик. Бу масалада бошқармамиз ходимлари Қ.Миромов айтаётганидек суд қарорини тан олишни истамаяпти эмас, барчаси қонуний бўлишини исташяпти, холос. Биз бошқа томон манфаати учун судга ариза киритолмаймиз. Шунинг учун Қ.Миромов қарор қисмидаги тушунмовчиликни ойдинлаштириш учун судга ариза киритиши керак. Шунда суд бу ҳақда ажрим чиқаради. Ушбу ажрим нусхасини бизга тақдим қилгач, шу  асосда қарздорлик тўлиқ бартараф этилади ва масалага қонуний ечим топилади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

“Зарафшон” мухбири.