Миллионерлар давлати — Сингапур ҳақида муҳим фактлар
Айни вақтда мамлакатимизда бўлиб турган Сингапур президенти Ҳалима Яқуб эртага Самарқандга келиши кутилмоқда.
Майдони кичик, тараққиёт ва фаровонлиги билан эса инсониятга иқтисодиёт мўъжизасини тақдим эта билган бу давлат ҳақида айрим фактларни эътиборингизга ҳавола этамиз:
- Сингапур — ҳам шаҳар, ҳам алоҳида бир давлат. Бу давлат аҳолиси сони 5,4 миллион кишидан кўпроқ. Майдони 640 квадрат километр. Яъни, майдони жиҳатдан дунёнинг энг кичик давлатларидан бири.
- Аҳолисининг зичлиги бўйича дунёда 2-ўринни эгаллайди. Шу билан бирга Сингапур дунёнинг энг бой ва иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатларидан бири ҳамдир.
- Сингапурда миллий тил малайя тили ҳисобланиб, аммо бирваракайига малайя, инглиз, хитой ва тамил тили расмий тил мақомига эга.
- Сингапурда дунё бўйича жиноятчилик даражаси жуда паст. Қизиғи шундаки, полиция бу мамлакатда жуда кам, кўчаларда уларни деярли кўрмайсиз. Аммо мамлакатнинг ҳар бир бурчагида камералар кузатуви бор.
- Сингапурда ҳеч қандай табиий ресурслар мавжуд эмас.
- Сингапур заводлари йилига 50 млн. тонна нефтни сотиб олиб, қайта ишлаш имкониятига эга. Мамлакат дунёдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш марказларидан бирига айланган.
- Бу давлат ичимлик сувини бошқа давлатлардан сотиб олади.
- Сингапурда ҳаммаёқ жуда тоза ва озода, хароб кулбалар ва ифлосликни умуман учратмайсиз. Бу давлатда кўчага тупурсангиз ёки сигарет қолдиғи ташласангиз 1000 доллар жарима тўлашингизга тўғри келади.
- Сингапурда автомобилга эгалик ҳуқуқи 60 минг сингапур долларини ташкил этади ва 10 йил муддатга берилади.
- Сингапурликлар – жаҳондаги энг соғлом кишилар ҳисобланади.
- Сингапурнинг 3 фоизга яқин аҳолиси (долларда) миллионер ҳисобланади.
- Бу давлатда фирмани 10 минут ичида рўйхатдан ўтказиш мумкин.
- Совутгичлар нафақат биноларда, балки айрим кўчаларда ҳам мавжуд.
- Ҳар бир автомобиль салонида сиреналарни кўриш мумкин, машина агар соатига 80 километрдан юқори ҳаракатланган тақдирда автоматик тарзда ўчиб қолади.
- Сингапурда сайловда овоз бериш яширин тарзда эмас.
***
Яна бир қизиқ маълумот, кеча Сингапур президенти Ўзбекистонга ташриф буюраркан, Тошкентга йўловчи самолётда етиб келди. Эртага олий даражадаги меҳмон Самарқандга йўловчи поездида келса ҳам ажабланмаймиз.