«Мирзабоғлон–Чеп» маҳалласи аҳолисига сайёр давлат хизматлари кўрсатилди
Ургутнинг олис Чеп қишлоғида яшовчи Зиёдулло ота Каримов 92 ёшда бўлса-да ҳамон томорқада меҳнат қилади – рўзғор учун турли маҳсулотлар етиштиради, узум парваришлайди. Зарур бўлганда шу маҳсулотлар савдоси билан ҳам шуғулланади. Шунинг учун «Солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР) олсам, зарар қилмайди», деб ўйлар, аммо уни олиш учун туман марказига боришга қийналарди. Маҳалласига давлат хизматлари агентлиги ходимларининг келганлигини эшитиб, биринчилардан бўлиб у ерга етиб борди ва 10 дақиқада СТИРга эга бўлди.
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ва бошқарманинг туман (шаҳар) марказлари мутахассислари Зиёдулло ота каби вилоятимизнинг узоқ ҳудудларидаги қишлоқларда яшаб, айрим хизмат турларига эҳтиёж сезаётган фуқароларга сайёр давлат хизматлари кўрсатиб келмоқда. Бу галги сайёр тадбир Ургут туманининг олис “Мирзабоғлон-Чеп” маҳалласида ўтказилди.
Дастлаб давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси масъул ходими Акмал Туробов ҳамда туман давлат хизматлари маркази директори Муҳитдин Халиқов фуқароларга кўрсатиб келинаётган 120 дан ортиқ давлат хизматлари ҳақида маълумот бериб ўтди. Шундан сўнг, сайёр давлат хизматларини кўрсатувчи махсус автобусда мутахассислар томонидан маҳалла фуқароларига сифатли ҳамда тезкор давлат хизматлари кўрсатилди.
- Ходимларимиз ушбу тадбирда фуқароларга нафақат давлат хизматлари кўрсатди, балки уларнинг билимларини ошириш мақсадида тизимдаги ва қонунчиликдаги янгиликларни тарғиб қилдилар, - дейди А.Туробов. – Фуқаролар мурожаатларининг аксарияти жисмоний шахслар учун солиқ тўловчининг идентификацион рақамини (СТИР) олиш, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиш, сув тармоғига уланиш, фарзандларини давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш учун йўлланма берилиши кабилардан иборат бўлди. Умуман, кўрсатилган хизматлардан ушбу маҳалла ҳамда ҳудудга яқин бўлган Ваткан, Бешёғоч, Чумчуқли ва Мўминобод қишлоқларида истиқомат қилувчи 200 дан ортиқ аҳоли самарали фойдаланди.
Давлат хизматлари агентлиги
Самарқанд вилояти бошқармаси
ахборот хизмати.