Муаллимлар сайлов қонунчилиги билан таништирилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ташаббуси билан айни пайтда мамлакатимизда сайлов қонунчилиги тарғибот ойлиги ўтказилмоқда.

Самарқанд туманидаги умумтаълим мактаблари ўқитувчилари иштирокида ташкил этилган тарғибот тадбирида жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга ўтказиладиган сайловга тайёргарлик, бу галги сайловнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи 68-Самарқанд округ сайлов комиссияси раиси Н.Саъдуллаев, комиссия раиси ўринбосари Р.Ҳамроқулов ҳамда ҳуқуқшунос О.Маърупов янгидан қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтказилаётган бу йилги сайлов аввалгиларидан тубдан фарқ қилишини таъкидлади. Жумладан, сайловда беш сиёсий партия иштирок этиши, депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақат улар эга эканлиги, сайловчиларнинг электрон рўйхати шаллантирилганлиги, овоз бериш вақти ўзгаргани ҳақида маълумот берилди.

– Сайлов участкаларимизнинг асосий қисми таълим муассасаларида ташкил этилади ва участка сайлов комиссияларимизда ҳам кўпроқ ўқитувчилар фаолият кўрсатади, – дейди Н.Саъдуллаев. – Шу сабабли тарғибот тадбирларимизга муаллимларни кўпроқ жалб қилиб, уларга сайлов қонунчилиги бўйича маълумот беряпмиз. Шунингдек, бу йил илк бор сайловда қатнашадиган ёшлар ўртасида ҳам тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ойлик доирасидаги тадбирлар тумандаги корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар ва тиббиёт муассасаларида ҳам ўтказилмоқда.