Муаммолар жамоатчилик иштирокида ҳал бўлади
Аввал хабар қилганимиздек, бугун, 26 февраль куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишини вилоят ҳокими, Кенгаш раиси Э.Турдимов олиб борди.
Фирибгарлик жиноятлари сони ортган
Депутатлар дастлаб вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Раҳмоновнинг 2020 йилда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш борасидаги ишлар тўғрисидаги ҳисоботини тинглади.
Қайд этилишича, куч ва воситалардан тўғри, унумли фойдаланилгани натижасида қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, ўғирлик, талончилик, босқинчилик, безорилик каби жиноятлар камайган. Бироқ барча соҳалар бўйича қайд этилган жиноятлар 2019 йилга нисбатан 291 тага ёки 5,8 фоизга ошган. Жумладан, ўртача ва енгил тан жароҳати етказиш, фирибгарлик жиноятлари кўпайган.
Аксарият ҳолларда оддий фуқаролар, яхши ният билан йиллаб сармоя йиққан кишилар фирибгарлик жиноятларида жабрланмоқда. Биргина хусусий бандлик агентликларидан 800 нафарга яқин жисмоний шахслар турли миқдордаги пулга чув тушган.
Сессияда бу турдаги жиноятларнинг олдини олишда, аввало, жамоатчиликнинг хабардорлик даражасини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Статистик кўрсаткичлар яширилмайди
Вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Раҳмоновнинг билдиришича, мавжуд маҳаллаларнинг 173 тасида жиноятчилик барқарор. Шу боис, мазкур маҳаллалар "сариқ" тоифага киритилган. 254 тасида эса жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ кўрсаткич ошгани учун "қизил" тоифада қоляпти. 673 та маҳалла эса "яшил" тоифага ўтказилган.
Муҳокамалар чоғида ички ишлар идоралари фаолиятида асосий эътироз тергов фаолияти билан боғлиқ бўлаётгани қайд этилди. Ўз навбатида, Ш.Раҳмонов бу гапда жон борлигини тан олди. Вилоят ИИБ тергов бошқармаси мутасаддиларига тегишли чора кўрилган.
Депутатлар айни кунларда Самарқанд шаҳрида синтетик гиёҳвандлик моддалари рекламаси кенг тарқалиб бораётгани, бу ҳолат турли оғир оқибатларга олиб келишини билдирди. Ушбу йўналишда ички ишлар идоралари ҳамда тегишли ташкилотлар, кенг жамоатчилик эътибор қаратиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди. Йўлларда тезликни чекловчи қурилмаларни амалдаги тартиб асосида ўрнатиш бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил қилинадиган бўлди.
Газ ҳисоблаш ускунаси бепул ўрнатилади
Сессия ишида “Самарқандҳудудгаз” газ таъминоти филиали директори О.Исоқулов вилоятда табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.
Қайд этилишича, 2020 йилнинг май ойидан аҳоли хонадонларига электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Ўтган йили 79 минг 450 та газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган. Бироқ пандемия сабаб газ ҳисоблагичнинг эҳтиёт қисмларини Италиядан олиб келишда муаммолар бўлган. Шу сабабли вилоятга 16 минг 689 та газ ҳисоблагич ажратилган.
Жорий йилда бу борадаги ишларни жадаллаштириш ҳисобига 1 июлга қадар барча аҳоли хонадонларига тўлиқ замонавий газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилади. Газ ҳисоблагич ҳамда унинг ҳимоя қутиси, регулятор (босим ростлагич)ни ўрнатиш “Hududgazta’minot” АЖ томонидан бепул амалга оширилмоқда. 20 дан ортиқ қурилиш-монтаж фирмалари, 170 дан зиёд бригадалар жалб қилинган мазкур юмушни белгиланган вақтда якунлаш мақсадида “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали қошида бутловчи қисмлар тайёрлаб бериш цехи ташкил қилинган.
“Ақлли” газ ҳисоблагичларнинг ўрнатилиш сифати филиал томонидан доимий назоратга олинган. Муаммолар юзага келганда камчиликлар тўғрилаб берилади.
Тамагирликларнинг олдини олиш мақсадида 66-239-78-12 телефон рақамига, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиш имконияти яратилган.
Бозорда соғлом рақобатни ривожлантириш етарли эмас
Депутатлар монополияга қарши курашиш вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Бекқуловнинг 2021 йилда амалга оширилиши белгиланган устувор вазифалар тўғрисидаги ҳисоботини тинглаб шундай хулосага келишди.
Қайд қилинганидек, бошқарма томонидан ташқи реклама воситаларининг жойлаштирилиши, қонун талабларига мос бўлиши юзасидан деярли ҳеч бир иш амалга оширилмаган. Депутатлар ваколати бўлишига қарамасдан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар салмоғи кам эканлигига қаттиқ эътироз билдирди. Хусусан, табиий газ ва электр таъминоти корхоналари ва истеъмолчи ўртасидаги шартномада жисмоний ёки юридик шахслар учун етарли ҳуқуқлар белгиланмаган.
Шунингдек, иқтисодиёт субъектлари ўртасида соғлом рақобатни ривожлантириш борасида ишлар бугунги кун талабига жавоб бермайди. Сессияда тизим фаолиятини жонлантириш борасида зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Бюджетдан ташқари жамғармадан кимга, қанча ажратиляпти?
Сессия якунида вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Яъни, 2021 йил 1 январь ҳолатига шаклланган эркин қолдиқ маблағларини қайси мақсадларга ажратиш зарурлиги муҳокама қилинди.
Хусусан, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетган ва мураккаб молиявий аҳволга тушган фуқароларга моддий ёрдам бериш жамғармасига 100 миллион сўм ўтказиб бериладиган бўлди. Шунингдек, Ургут туманидаги ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш учун 3,7 миллиард сўм, Нарпай тумани Саловат маҳалласидаги 1020 ўринли 17-умумий ўрта таълим мактабини мукаммал таъмирлашдан вужудга келган қарздорликни қоплаш учун 1,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши тасдиқланди.
Вилоят маҳаллий бюджетидан ажратилаётган ҳар бир сўм маблағ бўйича вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи тушунтириш берди.
Депутатлар сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан қарор қабул қилди.