Мурожаатдан кейин ҳам Ургутдаги кўп қаватли уйларга табиий газ берилмаяпти
Ургут туманида мавжуд 40 та кўп қаватли уйдан 11 таси янги қурилган, 29 тасининг айримлари таъмирга муҳтож.
– Кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолига “Зуҳро Санам” ва “Боғишамол уй-жой коммунал” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан хизмат кўрсатилади, – дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Нодир Шодиев. – Ширкатлар томонидан баъзи уйларнинг том, кириш йўлаклари ва фасад қисмлари таъмирдан чиқарилиб, тунги ёриткичлар ўрнатилди. Аммо бир неча йилдан буён 29 та кўп қаватли уйларга табиий газ етказилмаяпти. Бу муаммони ҳал этиш бўйича вилоят ҳокимининг туманимизда ўтказган сайёр қабулида “Самарқанд ҳудудгаз” масъулияти чекланган жамиятига топшириқ берилди. Яъни, бу йил газ берилиши чораси кўрилмоқда.
Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси олдидан кўп қаватли уйларгача икки километр масофада оқова тармоғи тортилиб, марказий тармоққа уланди. Кўп қаватли уйда яшовчилар қишда кўмир ёқади.
Навбоғ маҳалласидаги кўп қаватли уйларда бўлганимизда хонадонларга табиий газ берилмаганига гувоҳ бўлдик. Уйларнинг фасади ва томи сифатсиз таъмирлангани учун ёмғир суви тарновдан эмас, уланган жойларидан оқар экан.
– Табиий газ берилмагани учун электр ускуналари ва газ баллонлардан фойдаланиб келяпмиз, – дейди 11-уйда яшовчи Ҳабиба Шаропова. – Қишда уйни иситиш учун қўлбола печдан фойдаланамиз. Шунинг учун ертўлада кўмир ва ўтин захирасини ғамладик.
Биринчи қаватда яшаймиз, ертўла зах, ичимлик суви қувури ёрилгани учун сув оқяпти, ёмғир суви ҳам шу ерга тушади.
Шу манзилдаги 9“А”, 11-ва 13-уйлар ертўласи чиқинди билан тўлган, баъзиларига кириш эшиги ҳам ўрнатилмаган. Аҳоли яшаш уйларининг дераза ромлари ва деворларидан мўриконлар чиқарилган. 9-уйнинг орқа фасад қисми ачинарли аҳволда, болалар майдончаси қаровсиз.
Ҳудуддаги мавжуд ҳолат билан танишаётганимизни эшитиб, “Биз яшаётган уйнинг аҳволини кўринглар, газ ҳам, ичимлик суви ҳам йўқ”, дея бизни уйи томон бошлади онахон.
– Мана, ўн йилдирки, ичимлик суви муаммо, – дейди 19“А”-уйда яшовчи Маҳбуба Камолова. – 32 та хонадонда яшовчилар уйимиз олдидаги корхонадаги қувурдан идишларга сув тўлдириб олмасак, бу ҳам қуриб қолади. Кўп йиллардан буён табиий газ йўқ.
Қиш келгунча ҳамма ўтин, кўмир ғамлашга тушади. Бундан ташқари, уйимизнинг том қисми таъмири охирига етказилмагани учун юқори қаватларга сув ўтяпти. Бу ҳақда бир неча бор мутасаддиларга мурожаат қилдик, аммо натижа бўлмаяпти. Вилоят ҳокимининг ўтган ҳафта туманимизда ўтказган сайёр қабулида ҳам ушбу масалани айтдик, ҳал бўлишига умид қиляпмиз.
Боғишамол маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг фасад қисми, кириш йўлаклари нураганини кўрдик. 32-уй олдида болалар майдончаси йўқ. Уйнинг орқа томонидаги майдонни ўт босган, чиқинди ҳам бор. Уйларни таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш масалалари юзасидан “Зуҳро Санам” ҳамда “Боғишамол уй-жой коммунал” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари раиси Нажмиддин Облоқулов билан телефон орқали боғландик.
- Уйлар 2017-2019 йилларда “Шаҳзодбек адолат сервис”, “Тошариқ сервис”, “Шерхон” МЧЖ қурилиш корхонаси томонидан таъмирланган, - дейди Н.Облоқулов. - Вақт ўтиши билан қайта таъмирга келиб қолди. Шунингдек, ертўладаги қувурларни таъмирлаш, болалар майдончасини қуриш ишларини 2021 йилда амалга ошириш режалаштирилган. Аммо аҳоли томонидан бадал пуллари тўланмаяпти. Бугунги кунда аҳолининг ширкатдан 700 миллион сўмдан ортиқ қарзи бор. Шу сабаб юқоридаги муаммоларни ҳал этишнинг имкони бўлмаяпти. Ҳатто маблағ йўқлигидан ширкатларимизда на техник, на фаррош бор. 19“А”-уйга ва шу ҳудуддаги иккита уй учун 2021 йилда туман сувоқова ташкилоти томонидан артезиан қудуғи қазилиб, ичимлик суви билан таъминланиши белгиланди. Газ масаласида туман газ идораси билан ишлаяпмиз. Тез орада уйлар олдидаги газ тақсимлаш ускуналари қайта кўриб чиқилади ҳамда хонадонларга улаш ишлари бажарилади.
Мактабларга кўмир берилган, аммо қишда иситилмайди
Туманнинг Мерганча маҳалласидаги 56-умумий ўрта таълим мактаби атрофининг қарийб 400 метрдан ортиқ қисми тўсиқ билан ўралмаган. Иситиш қозонлари ва мўриконлар тозаланмаган, синовдан ҳам ўтказилмаган. Спорт майдончаси атрофи ва “фаррошлар хонаси”да ҳам чиқинди бор. Синфхоналарда ёриткичлар йўқ, борлари ҳам яроқсиз.
Шодлик маҳалласидаги 86-умумий ўрта таълим мактаб директори Исматилло Ражабов кўмирга мослашган 3 та қозонхонани кўрсатиб, носозлигини айтди. Мактабдаги яна бир муаммо – спорт зали совуқ кунларда иситилмайди, бунинг учун алоҳида қозон ўрнатилиши керак экан. Бу борада мутасаддиларга мурожаат қилинган. Аммо натижа йўқ.
Гулистон маҳалласидаги 1964 йилда қурилган 3-умумий ўрта таълим мактабидаги синфхоналар кўмир билан иситилади. Ўқув жиҳозлари эскирган. Хоналардаги ёриткич чироқларнинг ўрни бор, холос, электр симлари очиқ ҳолатда. Айрим хоналарнинг поли таъмирталаб. Мактабнинг 2018 йилда қурилган янги биносида шароит яхши.
Тоғ этагидаги 55-умумий ўрта таълим мактабида айни пайтда 1-8-синф ўқувчилари карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда ўқитиляпти.
– Янги биномизда муаммо йўқ, лекин 1986 йилда қурилган эски бинодаги синфхоналар иситилмайди, - дейди мактаб директори Асри Ваҳобов. – Негаки, бинодаги 4 та эски печдан носозлиги учун фойдаланмаяпмиз. Янги иситиш тизимини ўрнатишга маблағ етмагани сабабли туман халқ таълими бўлимига мурожаат қилдик. Муаммо ҳал бўлишини кутиб турибмиз.
Биз мақолада кўрсатилган камчиликлар мутасаддилар томонидан тез кунларда бартараф этилишини кутиб қоламиз.
Ҳусан ЭЛТОЕВ,
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ,
“Зарафшон” мухбирлари.