Мьянманинг собиқ раҳбари Аун Сан Су Чжи яна етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Мьянма суди собиқ давлат маслаҳатчиси Аун Сан Су Чжини яна етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Умуман олганда, мухолифатдаги "Демократия учун миллий лига"нинг 77 ёшли етакчиси 33 йилни қамоқда ўтказиши керак бўлади.

Тинчлик учун Нобель мукофоти совриндори Аун Сан Су Чжи сўнгги, 15-ишида яна коррупцияда, яъни табиий офатлар юз берган ҳудудларда ёрдам кўрсатиш учун вертолёт сотиб олишда ва ундан шахсий мақсадларда фойдаланишда айбланган. Суд жараёни бутунлай ёпиқ тарзда ўтказилган ва ахборот агентликларига ҳукм ҳақида аноним манба гапириб берган.

2021 йил февралигача Мьянманинг амалда раҳбари бўлган Аун Сан Су Чжи давлат тўнтариши натижасида, яъни ҳарбий хунта фуқаролик ҳукуматини ағдарганида ҳукмронликдан айрилган эди. Унинг сафдошлари ва мустақил экспертлар мамлакат собиқ раҳбарига қарши даъволар сиёсий сабабларга кўра, ҳукуматни ҳарбийлар томонидан қўлга олинишини қонунийлаштиришга қаратилганини айтишмоқда.