«Навбаҳор» футболчиси «Динамо»га ўтди

Карантин муносабати билан Самарқанднинг «Динамо» жамоаси ўз майдонида машғулотларга зўр беришган. Янги бош мураббий С.Лушан раҳбарлигида Про-лигада муносиб иштирок этишга ҳаракат қилаётган жамоага бир қатор жамоалардан янги футболчилар таклиф этилган. Жумладан, мавсумнинг қолган қисмини самарқандликлар сафида давом эттириш мақсадида Наманганнинг «Навбаҳор» клубидан ҳимоячи Обид Жўрабоев жамоа машғулотларига келиб қўшилган. О.Жўрабоев илгари Лушчан қўл остида «Бунёдкор» сафида тўп сурган эди.

«Ўзбекистон Осиё чемпионати-U19 ни ўтказишга тайёр»

Бу ҳақда ФИФА ҳамда ОФК раҳбарлари ўртасида ўтказилган онлайн мулоқот вақтида эълон қилинди, дейилади ЎФА расмий сайтида.

- Ўзбекистон жорий йил октябрда ўтадиган 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатини ўтказишга тайёр, - деди ЎФА президенти А.Азизов ФИФА президенти Ж.Инфантино билан онлайн мулоқотда. - Бу пандемия вақтида бутун дунёдаги илк марказлашган мусобақа бўлади. Футбол учрашувларини мунтазам ўтказиб борилишини таъминлаш учун халқаро футбол уюшмалари ва аъзо ассоциациялар бир қатор саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

ФИФА президенти ОФК президенти Шайх Салмон билан биргаликда Марказий Осиё футбол ассоциацияси таркибига кирувчи футбол ассоциациялари раҳбарлари билан учрашган ҳолда минтақадаги вазият билан яқиндан танишиб, келажакдаги режалар бўйича фикр алмашишди.

- Ўзбекистонда карантин ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда профессионал лигалар учрашувларини томошабинларсиз давом эттириш учун Covid-19 махсус тиббий протоколини ишлаб чиқди, - дейди ЎФА президенти А.Азизов. - 13 июнда қайта бошланган Суперлига мусобақалари 20 июлгача давом этди. Чемпионатни қайта тиклаш жорий йилнинг 14 августидан бошлаб режалаштирилган ва лиганинг биринчи босқич ўйинлари марказлаштирилган форматда ўтказилади. Шунингдек, терма жамоалар учун карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этмоқда.

Шунингдек, бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу тадбир биринчи марта учта шаҳарда, 2020 йилнинг 14-31 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Бу пандемия даврида дунёдаги биринчи марказлаштирилган халқаро футбол мусобақаси бўлади.

Ўзбекистонда терма жамоалар учун биринчи Футбол марказини қуриш учун 12 гектар майдон ажратилди. Ушбу марказда 160 ўринли меҳмонхона мажмуаси, 7 та футбол майдони, реабилитация ва илмий-услубий марказ ва бошқа зарур шароитларни ўз ичига олади.

Дилшод ЎТАМУРОДОВ.