“NEXIA-3” Самарқандда қолди
Бугун Самарқанд шаҳрида ўтказилган миллий кураш бўйича мусобақалар якунига етди.
Наврўз байрами муносабати билан ташкил этилган беллашувларда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган 100 нафарга яқин номдор курашчилар уч вазн тоифасида ўзаро беллашди.
Қизиқарли ва жўшқин курашларга бой мусобақада самарқандлик полвонлар юксак маҳорат кўрсатди.
Натижада 73 килограммгача бўлган курашчилар орасида пастдарғомлик Муҳриддин Қурбонов ғолибликни қўлга киритиб, телевизор ва 2 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
90 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида эса қўшработлик Муҳаммадали Шамсиддинов барча рақибларини енгиб, музлаткич ва 2 миллион сўм пул мукофотига сазовор бўлди.
Мусобақанинг бош соврини – “NEXIA-3” автомашинаси учун 90 килограммдан ортиқ вазн тоифасида финалда Самарқанд кураш мактаби вакиллари Бекзод Каримов ва Муҳаммадкарим Хуррамов ўзаро бел олишди.
Томошабинларнинг қизғин қўллаб-қувватлаши остида кечган курашда Муҳаммадкарим Хуррамов рақиби устидан ҳалол ғалаба қозониб, бош совринни қўлга киритди.
– Бугунги мусобақада энг кучли рақибларимни енгиб, ғолиб бўлганимдан жуда хурсандман, – дейди Муҳаммадкарим. – Бу ютуғимда мураббийим Ўктам Раҳмоновнинг ҳиссаси катта бўлди. Энг муҳими, бу ғалаба менга бир ҳафтадан кейин Грузиянинг Тбилиси шаҳрида ўтказиладиган гран-при турнири олдидан катта куч бағишлади. Мазкур мусобақа ташкилотчиларидан миннатдорман.
Ғолиб полвонга “NEXIA-3” автомашинаси калитини Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов топширди.
Вилоят ҳокими ғолибларга совғаларни топширар экан, Самарқандда курашни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши ва Мустақиллик байрами арафасида яна бир турнир ташкил этилиб, унда учта бош соврин – автомобиль қўйилишини маълум қилди.
Самарқанддаги кураш мусобақасини Ўзбекистон кураш федерацияси вице-президенти К.Юсупов ҳам кузатиб борди ва спортчилар ҳамда уларнинг мураббийларини мазкур турнир ва Наврўз байрами билан табриклади.