Нотўғри ҳисобот бераётган ва даромадини яшираётганлар фаолияти ўрганилиши керак

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги тўқсон учинчи сессияси ўтказилди. Сессияни Кенгаш котибияти мудири С.Усмонов бошқарди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ижроси бўйича вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ҳамда вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Оқбўтаевнинг маълум қилишича, 2023 йил ҳудудий инвестиция дастури доирасида қиймати 1,3 миллиард долларлик 1642 та лойиҳани амалга ошириш орқали 22 341 та янги иш ўрни яратиш белгиланган. Жорий йилнинг ўтган даврида дастур доирасида қиймати 1,2 миллиард долларлик 1227 та лойиҳа бажарилган ва 15 776 та янги иш ўрни очилган. Бунинг эвазига ўртача 1 триллион сўмлик қўшимча қиймат яратилиб, солиқ базасини 250 миллиард сўмга кенгайтириш имконияти пайдо бўлган.

Амалга оширилаётган ишлар натижасида жорий йилнинг январ-октябрь ойларида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми 52,4 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,8 фоизга ўсиши таъминланди. Аҳоли жон бошига ЯҲМ ҳажми 12,6 миллион сўмга етди.

Шунингдек, маҳаллий бюджет тушумлари 3,5 триллион сўмни ташкил этиб, белгиланган режа 105 фоизга бажарилган.

– Аммо таҳлиллар натижасида бир қатор юридик корхоналарда товар айланмаси ва ишчилар сонини яшириш ёки камайтириб кўрсатиш ҳолатлари  кузатилди, – деди О.Оқбўтаев. – Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатида рўйхатдан ўтган 56 392 та юридик корхонанинг 15 592 таси фаолият кўрсатмаётганлиги аниқланди. Бундан ташқари, 495 та юридик корхона товар айланиш ҳажмини 2,9 триллион сўмга камайтирганлиги, 5323 та корхонада эса ҳисоботларда “0” ҳажм кўрсатганлиги маълум бўлди. Лекин товар айланма ҳажмини “0” кўрсатган корхоналарда жами 40,1 миллион кВт/с электр энергиясидан фойдаланган. Худди шундай, 6979 та корхонанинг банк айланмаси 2,7 триллион сўмни ташкил этган бўлса-да, товар айланиш ҳажми “0” кўрсатилган. 6199 та юридик корхонада йил бошига нисбатан ишчилар сони 16 576 нафарга камайган, 7 500 та корхона ишчилар сонини 1 нафардан кўрсатган бўлса, 10 493 та корхона ишчилар сонини “0” кўрсатган.

Депутатлар мазкур ҳолатларни кескин қоралаб, бу борада назоратни кучайтириш, нотўғри ҳисобот бераётган ва даромадини яшираётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тегиши идораларни жалб этган ҳолда ўрганиш зарурлигини таъкидладилар.

Вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Т.Маҳмудов ўз ҳисоботида бош бошқарма ва унинг туман (шаҳар) бўлимларида “Рақамли маҳалла” марказлари ташкил этилгани, маҳалла раисларининг фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш мақсадида “Маҳалла электрон” платформаси йўлга қўйилганини таъкидлади. Шунингдек, “Ижтимоий маҳалла” ахборот тизими жорий этилиб, барча маҳаллалардаги аҳоли ва тадбиркорларнинг мавжуд муаммо ва камчиликларини ўрганиш бўйича сўровномалар ўтказилган. Бунинг натижаси бўйича зарур маълумотлар тегишли ахборот тизимларига киритилган.

Бугунги кунда вилоятда иш билан банд бўлганлар 1  миллион 631,6 минг нафарни ташкил этади. Уларнинг 649 минг нафари норасмий секторда фаолият кўрсатмоқда. Ишсизлар сони 141,2 минг нафар, ишсизлик даражаси 8,7 фоиз бўлиб турибди. Ишсизлик даражаси Пайариқ (9,4 фоиз), Пахтачи (9,2 фоиз) ва Иштихон (9,1 фоиз) туманларида бошқа ҳудудларга нисбатан юқори.

Жорий йилда 30 минг нафар фуқарони ишга жойлаштириш кўзда тутилган бўлиб, йилнинг 10 ойида 27 минг 454 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган. Ногиронлиги бўлган шахсларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар натижасида 1335 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар бандлигига кўмаклашилди. Умуман, доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринларининг барчасини ҳисобга олганда 582,2 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди. 9,5 минг нафар ишсиз фуқаро 37 та йўналишда касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитилди.

Мазкур ҳисобот муҳокамаси чоғида иш ўринларини яшираётган ёки конверт усулида ҳақ тўлаётган корхоналар ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш, ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш, бир марталик иш билан таъминлаш марказларида фуқаролар учун қулайликлар яратиш масалалари юзасидан депутатлар ўз фикрлари ва таклифларини билдирди.

Сессияда вилоят ҳокимининг 2023 йил 8 ноябрдаги “Вилоят маҳаллий бюджетининг 2023 йил I ва II чорак даромадлар режасини орттириб бажарилган қисми ҳисобидан фойдаланиш тўғрисида”ги қарорини тасдиқлаш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш, вилоятда автомобиль йўллари объектларини қуриш ва таъмирлаш ишларини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ва бошқа масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.