Нуқтаи назар: Олимпиада, умуман, спорт нима учун муҳим?
Париждаги Олимпиада бутун дунё аҳолиси каби ўзбекистонликларни ҳам «ўтдан олиб, сувга солди» – ютқазган жамоамиз учун кайфиятимиз тушди, ютган спортчиларимиз учун кўнглимиз тоғдек ўсди. Яъни, бутун халқ бир бўлиб ҳамюртларимизнинг спорт натижалари учун бирлашдик, бир хил туйғулар, айни ҳисларни туйяпмиз.
Аслида спорт ўйинлари, олимпиадаларнинг энг катта аҳамиятларидан бири шу – бизни бирлаштириб, якдил мушт, ягона қалб, яхлит халққа айлантиради.
Бутун дунёда спорт тинчлик элчиси деб қаралади. Психолог Эрих Фромм “Футбол – бу сублимациялашган уруш” деган эди. Ушбу қарашни умуман барча спорт турларига татбиқ қилса бўлади. Яъни илгари инсоният ўз даражаси, устунлиги, кучини урушларда кўрсатар эди. Катта қўшинлар жангими, якка рицарлар баҳсими – барчасининг тагида ким устунроқ, кучлироқ, ақллироқ эканини кўрсатиш турган. Кейин одамлар тушундики, буни урушсиз, қон тўкиш ва қурбонларсиз, спорт майдонларида ҳам камроқ талафот билан кўрсатиш мумкин экан. Бугунги кунгача ҳам аҳмоқона урушлар давом этиб келаётган бўлса-да, уларнинг салмоғи ва кўлами бундан ҳам катта ва даҳшатли бўлиши мумкин эди, агар спорт бўлмаганида.
Илм-фанга муносабатни спортга муносабат билан солиштиришяпти. Илм-фаннинг нақадар муҳимлигини ҳамма билади ва айнан спорт ғалабаларимизга келганда шуни солиштириш керак эмас деб ўйлайман. Чунки бу оламшумул ютуқларга эришган спортчиларнинг меҳнатини камситишдек бўлиб қолиши мумкин. Бундан илм-фан ютмаслиги тайин, спорт ютқизади. Ҳаммаси ўз ўрнида муҳим, керакли. Илм-фанга эътиборни ҳам алоҳида талаб қилаверамиз, албатта.
Одамлар фақат сиёсатга қизиқиб, ҳар куни ўзининг атрофидаги муаммоларнигина ўйлаб юра олмайди. Бундай яшаш чарчатади, парчалайди, синдиради. Инсоният тиллари, динлари, миллатлари ва ҳоказодан қатъи назар муштарак эканини англаб турган, урушмай беллашаётган ушбу халқаро байрамнинг аҳамиятини пасайтириб, “бу бир тийинлик ўйин, ўзимизнинг муаммоларни ўйлайлик” деганларга сал ўйлаброқ эргашинглар.
Тафаккур қилинг, бизни бирлаштирувчи нуқталаримиз қадрли, улар қадрият. Демак, спорт ҳам қадриятдир. Умуминсоний қадрият!
Шаҳноза Соатова.