Нурободда ДХМ янги биноси фойдаланишга топширилди
Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами арафасида Нуробод тумани давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги халқ қабулхоналари ҳузуридаги давлат хизматлари марказлари биноларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилишини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан буёнд этилган бинода аҳолига тезкор ва сифатли давлат хизматлари кўрсатиш учун барча шарт-шароит яратилди. Марказда онлайн навбат олиш, 120 дан ортиқ давлат хизматлари ҳақида маълумот берувчи QR тизими йўлга қўйилди.
Янги бинода шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси, Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, инвестор хонаси, нотариус архиви хоналари, ФҲДЁ бўлими ҳам жойлаштирилди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида тиббиёт хонаси, кутубхона ва болалар бурчаклари ҳам ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан буён Нуробод туман давлат хизматлари маркази томонидан 25 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган. Эндиликда янги бинода хизматлар сони ва сифати ҳам ошиши шубҳасиз.
ДХА Самарқанд вилояти бошқармаси
матбуот хизмати.