ОАВ: Коинотдан олинган суратлар Хомайний космодромидаги фаолликни назардан қочирмади — Эрон сунъий йўлдош учирмоқчи

Эрон ўзининг Имом Хомайний космодромида космик парвозни амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Associated Press шу кунларда олинган сунъий йўлдош суратларига таяниб хабар бермоқда.

Planet Labs Inc томонидан шанба куни олинган сунъий йўлдош тасвири ва Associated Press томонидан олинган суратлар космодромдаги фаолликдан гувоҳлик бермоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, тасвирларда шунингдек, одатда ишга туширишдан олдин объектда кучайган фаолликнинг яна бир белгиси - кўплаб автомашиналар акс этган. "Бу ишга туширишдан олдинги анъанавий фаолиятдир", деган Мидлбери халқаро тадқиқотлар институти ядровий қуролларни тарқатмасликни ўрганиш бўйича Жеймс Мартин маркази эксперти Жеффри Люис.

Эрон давлат ахборот агентлиги IRNA 5 декабрь куни Эрон космик дастури доирасида тўртта йўлдош учишга тайёрлигини маълум қилди. Хабарларга кўра, улардан бири “тайёрликнинг сўнгги босқичида”.

Мазкур маълумотлар Эрон ядро дастури атрофидаги кескинлик авж олган бир пайтга тўғри келмоқда.

2021 йилнинг апрелидан июнгача Эрон ва бир қатор жаҳон державалари Венада қўшма комплекс ҳаракатлар режаси (ҚКҲР)ни тиклаш мақсадида олтита музокара ўтказишди. ҚКҲР бўйича маслаҳатлашувларнинг еттинчи раунди бир неча ойлик танаффусдан сўнг 29 ноябрь куни бошланди ва 3 декабрь куни томонлар келишмовчиликлари туфайли музокаралар тўхтатилди.

Аввалроқ ҳам Катта еттилик мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Эронни имконият борида атом бўйича келишув тузишга чақирган эди.

Ўз навбатида Эрон ядровий қуролга интилмаётгани ва унинг сунъий йўлдош учириши, қолаверса ракета синовларида ҳеч қандай ҳарбий компонент йўқлигини мунтазам равишда билдириб келмоқда.