"Обод қишлоқ" дастурига киритилган қишлоқлар обод бўляптими?

Жорий йилги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Самарқанд вилоятининг 717 та қишлоқ ва 198 та маҳалласи меъморий қиёфасини янгилаш, ҳудудларини ободонлаштириш учун 1 триллион 805 миллиард сўм йўналтирилади.

Мазкур вазифалар давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бажарилади. Ушбу дастурларнинг амалий натижаси сифатида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, ҳудудлар ободлигини таъминлаш, коммуникация, ирригация, йўл ва транспорт инфратузилмасини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, мухтасар айтганда, фуқароларнинг бугунги кунидан рози бўлиши устувор вазифа сифатида белгиланган.

Шу мақсадда вилоятимизда йил якунигача белгиланган режа асосида 856 та қишлоқ ва маҳаллада ички йўллар таъмирланади, 150 га яқин ҳудудда ичимлик ва оқова сув тармоқлари тортилади. Ҳудудлардаги трансформаторлар таъмирланади, эскилари янгиланади, электр ва газ тармоқлари тортилади, эҳтиёжи бор аҳолига газ баллонлари тарқатилади. Ҳудудларда 31 та мактабгача таълим муассасаси, 66 та мактаб, 26 та тиббиёт муассасаси, 21 та маҳалла ва 2 та маданият маркази таъмирланади. Автобекатлар қурилиб, янги автобус йўналишлари ташкил этилади, пиёдалар йўлакчаси, спорт майдончалари ташкил этилади, тунги ёритиш тизими яхшиланади, ҳудудларда 4 544 та аҳоли хонадони таъмирланади. Сайёҳлик соҳаси ривожлантирилади, маданий мерос, туризм объектлари таъмирланади, савдо, хизмат кўрсатиш ва бозор инфратузилмаси яхшиланади, кичик саноат зоналари ривожлантирилади.

 

Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, ишлар тизимли олиб борилиб, ҳудудларда ижобий ўзгаришлар бўй кўрсатмоқда.

Жумладан, Булунғур туманида Бирлик ва Фармонтепа қишлоқлари “Обод қишлоқ” дастурига киритилиб, ишлар бошлаб юборилди. Дастур доирасида қишлоқлар ободончилиги учун республика бюджетидан 9,4 миллиард сўм ва маҳаллий бюджетдан 5,4 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағ ҳисобидан қишлоқларда электр ва газ тармоқлари тортилади, маиший хизмат ва савдо мажмуалари ташкил этилади. Транспорт, ирригация тизимлари, ички йўллар, ичимлик суви, таълим ва тиббиёт муассасалари, якка тартибдаги уйлар таъмирланиши режалаштирилган. Ҳозиргача Фармонтепа қишлоғида аксарият ишлар ҳашар йўли билан ниҳоясига етказилаётган бўлса, туман марказидан 13 километр олисда жойлашган Бирликда ободончилик ишлари давом этмоқда.

“Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ ўз номи билан ҳам ён атрофдаги аҳоли масссивларидан тамомила ўзгача қиёфага киради. Аҳолининг яшаш тарзи, инфратузилма объектлари, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳасида сезиларли янгиликлар жорий этилади. Оддий қилиб айтганда, ҳудуддаги замон шиддати ва ривожланишдан ортда қолаётган қишлоқлар ўзгариб, аҳоли онгида ҳам яратувчанлик ҳисси ортади. 

- Бирлик қишлоғида 235 хонадонда 1400 га яқин аҳоли истиқомат қилади, - дейди Мингтепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳриддин Суяров. – Аҳолимиз асосан узум етиштириш ва чорвачилик билан шуғулланади. Учта дафтарда шу қишлоқда яшовчи 415 нафар фуқаро бор. Уларга ўзларига мос иш топиб, бандлиги таъминланмоқда. Ҳисоб-китобимиз бўйича дастур доирасида қишлоқда 70 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

- Бирлик қишлоғига йўналтириладиган 8 миллиард 100 миллион сўм маблағнинг 2 миллиард 93 миллион сўми республика бюджетидан, 4 миллиард 345 миллион сўм маҳаллий бюджет ва қолгани тармоқ корхоналари маблағларини ташкил этади, - дейди туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Абдували Ҳазратқулов. – Ҳозирда тармоқ корхоналари маблағлари ҳисобидан режалаштирилган ишлар бажарилмоқда. Режага асосан 1,2 миллиард сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қишлоқдаги 32-мактабга 120 ўринли қўшимча бино қурилади ва янги ўқув йилидан ўқувчилар замонавий билим даргоҳида ўқишни бошлайди. Эскириб қолган Мингтепа маҳалла фуқаролар йиғини биноси ҳам 200 миллион сўм маблағ ҳисобидан янги кўринишга келтирилади. 1,1 миллиард сўм республика бюджети маблағлари ҳисобидан қишлоқда тиббий хизмат маскани ташкил этилади. Инфратузилма яхшиланиб, тадбиркорлик йўлга қўйилади.   

- Ҳозир қишлоқнинг 50 фоиздан ортиқ қисми тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлса, дастур доирасида аҳоли тўлиқ тоза ичимлик суви таъминотига эга бўлади, - дейди “Самарқанд сув таъминот” МЧЖ туман филиали бош муҳандиси Асқар Кулиев. – Дастур доирасида битта сув иншооти ҳашар йўли билан таъмирланди, кейинчалик яна битта янги иншоот қурилади. Қишлоқнинг 6 та ички кўчасига 5,5 километрлик айланма тармоқ тортилади. Бу агарда битта иншоот ишдан чиққанда ҳам аҳолининг сувсиз қолиб кетмаслигини таъминлайди. Бу ишлар учун республика ва маҳаллий бюджетдан 900 миллион сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.     

Ҳозирда зарур техникалар жалб этилиб, тармоқ корхоналари маблағлари ҳисобидан қишлоқдаги 6 та ички йўлга шағал тўкилди, 1 та янги трансформатор ўрнатилди. 30 дан ортиқ аҳоли хонадони таъмирланиб, томорқалар тартибга келтирилди. Туман газ идораси томонидан 30 дан ортиқ аҳолига маиший газ баллонлари тарқатилди.

“Обод қишлоқ” дастурининг асосий мақсадларидан бири ҳудуд ободлиги, инфратузилмани яхшилаш билан бирга аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади. Хўш, Бирликда бу борада аҳвол қандай, қишлоқ аёллари учун мос иш жойлари яратиладими?

- 10 сотих томорқамиз бор ва рўзғорга керакли картошка, сабзавотлар ўзимиздан чиқади, - дейди Тўйгул Аллабоева. – Бизга яқин ҳуддудда ғишт заводи бор, у ерга қатнайдиган оғир юк машиналари сабаб болалар доим чанг йўлда юришга қийналарди. Энди “Обод қишлоқ” дастури асосида йўллар таъмирланяпти, алоҳида пиёдалар йўлаги қилиняпти. Агар аёлларга мос иш жойлари яратилса яна ҳам яхши бўларди.

Белгиланган вазифаларнинг амалга ошиши туфайли кўримсизгина қишлоқ янги қиёфа касб этиб, ҳудуддаги ободончилик, замонавий қурилишлар аҳоли руҳиятида ҳам акс этади.

Ўктам Худойбердиев.