Олимларимиз Булғор ислом академияси доктарантларига сабоқ бермоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Татаристондаги Булғор ислом академияси магистр ва докторантлари учун “Марказий Осиёда ислом таълимоти” мавзусида ўқув курсини ўтмоқда.

Марказ ахборот хизматининг маълум қилишича, 23-27 ноябрь кунларига мўлжалланган курс машғулотлари Zоом видеоконференция дастури орқали олиб борилмоқда.

Ўқув давомида марказнинг етакчи илмий ходимлари томонидан  “Марказий Осиё алломаларининг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси”, “Ҳадис илми ривожида Мовароуннаҳр муҳаддисларининг ўрни”, “Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожланиш тарихи”, “Имом Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” шоҳ асари ислом динида муҳим манба” каби мавзуларда маърузалар ўқилади.

Жумладан, марказ директори Ш.Зиёдовнинг “Марказий Осиё кутубхоналари тарихи”, етакчи илмий ходим А.Неъматовнинг “Мовароуннаҳр калом тарихида мотуридия таълимоти” мавзусидаги маърузалари тингловчиларга манзур бўлди.