Олий ўқув юртида грантга ўтмоқчимисиз?

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 10 мартдаги 149-сонли қарори билан олий таълим ташкилотларида талабаларга грантларни тақдим этиш ва қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Низом билан грантларни иккинчи ва ундан кейинги курс талабалари ўртасида қайта тақсимлаш тартиби жорий этилмоқда. Хусусан, энди грантлар ҳар ўқув йили якунида бакалавриат йўналиши, таълим тили ва курслар бўйича алоҳида қайта тақсимланади. Бу жараён олий таълим ташкилоти ректори томонидан бошқарилади ва тўлиқ ҳамда тўлиқ бўлмаган грантлар ажратилади. Грантларни қайта тақсимлашда талабаларнинг академик кўрсаткичлари (ГПА) ва ижтимоий фаоллиги асосий мезон сифатида олинади. Бу эса талабалардан нафақат ўқишда, балки жамоат ишларида ҳам фаолликни талаб этади.

Тўлиқ таълим гранти ўқув харажатларини давлат бюджетидан тўлиқ қоплайди ва талабалар умумий тартибдаги стипендия билан таъминланади.

Тўлиқ бўлмаган таълим гранти тўлов-контракт суммасининг 50 фоизини қоплайди ва бунда умумий тартибдаги стипендия берилмайди.

Қўшимча давлат гранти эса ГПА кўрсаткичи 4 ва ундан юқори бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга навбатдаги ўқув йили учун тақдим этилади. Бунда ўқитиш харажати давлат бюджетидан тўлиқ қоплаб берилади ва талаба умумий тартибдаги стипендия билан таъминланади.

Олий таълим ташкилоти гранти молиявий мустақилликка эга бўлган муассасалар томонидан ГПА 3,3 дан 4 гача бўлган талабаларга берилади, бу эса тўлов-контракт суммасининг 20-80 фоизини қоплаш имконини беради.

Умумий ҳолатда грантларга даъвогарлик қилиш учун талабалар ГПА кўрсаткичи 3,5 ва ундан юқори бўлиши керак. Академик муваффақият 80 баллик мезонда, ижтимоий фаоллик эса 20 баллик мезонда баҳоланади. Ижтимоий фаолликни баҳолашда китобхонлик маданияти, “5 муҳим ташаббус” доирасидаги тадбирларда иштирок, халқаро ва республика миқёсидаги танловларда қатнашиш, волонтёрлик ва жамоат ишларидаги фаоллик каби бир қатор мезонлар қўлланилади.

Муҳим жиҳат: талабаларнинг академик ўзлаштириш кўрсаткичи ҳамда ижтимоий фаолликни аниқлаш бўйича комиссияга ҳужжат топшириш муддатлари олий таълим ташкилоти томонидан белгиланади. Бироқ, ҳар йили 1 августга қадар талабгорни баҳолаш натижалари махсус комиссияга тақдим этилиши ҳамда якуний натижалар, яъни таълим грантини олувчи талабалар рўйхати олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида ҳар йили 25 августга қадар эълон қилиниши лозим.