Олов қанотли қушлар

Қақнус – оловдек ловуллаган қуш... Фениксс – қадимги юнон афсоналарида кулдан пайдо бўладиган қуш. Турли халқлар афсоналари ва ривоятларида бундай ғайриоддий мавжудотлар хақида кўп ҳикоя қилинади.

Аммо баъзан реал ҳаётда ҳам улар билан тўқнаш келиш мумкин. 2018 йил июлда Американинг Гранд-Титон миллий паркида ўрнатилган веб-камераларидан бирида фанга маълум қушлардан фарқ қилувчи улкан олов қуш парвози қайд этилди. Унинг қанотлари ловуллаган алангани эслатарди.

Гранд-Титон бошқа янада кенгроқ – Вайоминг, Монтана, Айдоха штатларига туташ Йеллоустон миллий паркига зич туташган. Бу ерда қитъадаги энг йирик вулқон жойлашган. Унинг ўпқони 55x72 километрга тенг. Вулқон охирги марта 630 минг йил аввал отилган. Ҳеч қандай хавф-хатар солмайди деб ҳисобланган вулқонни кейингги пайтларда фаоллашгани қайд этилмоқда: паркда янги қайноқ булоқлар отилмоқда, тупроқ ҳарорати ошяпти, ер 1,8 метрга кўтарилди. Паркда ҳар йили ўнлаб кичик зилзилалар кузатилади, яшин уриши оқибатида доимий равишда ёнғин содир бўлади. Оловли қушнинг пайдо бўлиши Йеллоустон вулқони отилишидан белги эмиш.

Олов қанотли мавжудотлар ҳақида қадимги манбаларда ҳам эслатилади. Масалан, эрамизгача 106 йилда Римда шаҳар устида ўнлаб қаноти чўғ қарғалар пайдо бўлган. Уларнинг қанотларидан сочилган учқунлар уйларни ёндириб, ёнғинлар келтириб чиқарган.

Худди шундай даҳшат 1960 йилларда Индиана штатида кузатилган. 1917 йил май, 1960 йил август ойларида эса Луизана штати Батон-Руж шаҳрида ва 1961 йилда Калифорниянинг Капитола-Бич шаҳрида ерга ўнлаб куйиб, кулга айланган қушлар қулаб тушган. Бундай даҳшатли манзара сал олдинроқ 1948 йил 11 сентябрда Нью-Йоркнинг осмонўпар Эмпайр-Стейт-Билдинг биносида ҳам содир бўлган. Юзга яқин ёнаётган турли қушлар худди кўзга кўринмас таҳдиддан қочгандек ўзларини бино деразаларига урган.

1980 йилларда Пуэрто-Риконинг йирик шаҳрида ва атроф қишлоқларда ғалати ёнғинлар содир бўла бошлади. Гувоҳларнинг айтишича, ҳар гал ёнғин олов қанот қушлар пайдо бўлишидан кейин рўй берган. Уларнинг айримлари қаноти 4 метрга етган, қанот патлар ўрнида аланга учқун сачратиб силкинган.

Олов қанот қушлар билан боғлиқ бундай ҳодисалар ҳақида кўплаб мисол келтириш мумкин. Улар ҳақида тадқиқотчилар ҳали бирорта тайинли фикрга келиша олгани йўқ. Ҳозирги вақтда Йеллоустон вулқони ҳудудида олов қанот қушлар мавжудлиги ҳақида бир неча тахминлар бор.

Биринчидан, ер ёриғидан сизиб чиқаётган газ булути олов қанот қушлар деб талқин этилаётган бўлиши мумкин. Иккинчидан, бу ҳодиса билан вулқон тез орада отилишидан одамларни огоҳлантираётган эмиш. Учинчи фикр – видеода ғариоддий шаклдаги шарли яшин акс этган.

Аммо қанчалик ғалати бўлмасин, кўпроқ мантиқли тасаввур ҳақиқатга яқинроқ, яъни назарий жиҳатдан органик ҳаёт сайёрамизда ягона эмас. Биз ҳали англаб етмаган сирли ҳодисалар шундан далолат беради.

Т.Шомуродов тайёрлади.