Оқдарёда ишсизлик даражаси - 10 фоиз

Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашида ҳисобот берган туман ҳокими Н.Сулаймонов маълум қилган.

Қайд қилинишича, 159 минг нафар аҳоли яшаётган туманда жорий йилнинг 9 ойида 155,7 миллиард сўмлик 32 та лойиҳа амалга оширилиб, 325 та янги иш ўринлари ташкил этилган. Шу даврда 278 та янги корхона фаолияти йўлга қўйилган.

Натижада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 243,9 миллиард сўм (ўсиш 101,7 %), қишлоқ хўжалиги 1,2 миллиард сўм (103,1 %), қурилиш-пудрат ишлари ҳажми 301 миллиард сўм (101,2 %), хизматлар 212,6 миллиард сўм (100,8 %), чакана савдо айланмаси 286,6 миллиард сўм (101,1 %)ни ташкил этган.

Бюджетга тушумлар учун жорий йилнинг 3-чораги учун белгиланган 21,8 миллиард сўм режа амалда 23 миллиард сўмга ёки 105 фоизга бажарилган.

Ўтган даврда маҳаллий бюджетнинг 714 миллион сўм маблағлари ҳисобидан 9 та кўп қаватли уй-жойлар таъмирланган.

Таъкидланишича, 12 октябр ҳолатига 3314 нафар ишчи ва ходимлар легаллаштирилган.

Н.Сулаймонов, шунингдек, коммунал соҳада куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик хусусида ҳам тўхталиб ўтган. Ҳисоботда қайд этилишича, 5 километр электр тармоқлари ҳимояланган ҳаво линияларига алмаштирилган, 12 та трансформатор ўрнатилиб, 115,2 километр тармоқ ва 38 та трансформатор мукаммал таъмирланган. Шунингдек, 76 та трансформатор ва 235 километр тармоқ жорий таъмирланган.

Туманда аҳолига 505 та суюлтирилган газ баллонлари тарқатилган, 601 та газ тақсимлаш қурилмаси таъмирланган. Бундан ташқари, 15 километр ер ости газ қувурларининг ҳолати прибор усули билан текширилиб, 6 километр газ қувурлари рангланган. 1,1 километр ичимлик суви тармоғи мукаммал ва 0,2 километри жорий, 6 та сув насослари тўлиқ таъмирдан чиқарилган.