Ота-оналардан синф ремонтига пул йиғилиши тўғрими?

"Фарзандларим мактабда ўқишади. Ҳар йили ремонтга деб пул йиғишади. Бу йил ҳам ҳар бир ўқувчи учун 30 минг сўмдан пул беришимиз лозимлиги айтилди. Мени ҳайрон қолдиргани синф раҳбари биздан "пулни ўз хоҳишим билан бердим" деб тилхат ёзиб беришимизни сўраяпти. Интернетда ўқишимча мактаблар таъмирига давлатдан ва маҳаллий бюджетдан пул ажратилар экан. Хўш, агар ота-оналардан ремонтга деб пул йиғилса, унда давлат ва маҳаллий бюджетдан ажратилаётган пуллар нима қилинаяпти?"

Мурожаатга Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси бино ва иншоотларни таъмирлаш ва эксплуатация бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Фурқат Ҳайитов шундай жавоб беради:

“Таълим муассасаларини куз-қиш мавсуми ва янги ўқув йилига тайёрлаш учун маҳаллий бюджетдан маълум миқдорда маблағ ажратилади (бўёқ ва синган дераза ойналари учун). Мактабга кўрсатиладиган ҳар қандай ҳомийлик ёрдами, хоҳ у ота-она томонидан ёки ҳомийлик ташкилоти томонидан бўлсин, ихтиёрийлик асосида (!) амалга оширилади ва унинг мақсадли сарфланиши устидан таълим муассасасидаги Кузатув кенгашлари назорат олиб боради.

Умумий ўрта таълим муассасасининг Кузатув кенгаши ҳақидаги намунавий Низомда шундай дейилган:

“31. Таълим муассасасида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналаридан турли хил сабаблар билан Кенгаш аъзолари, таълим муассасаси раҳбари ва бошқа ходимлари томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.”

Шунингдек, вилоят халқ таълими бошқармаси боғча, умумтаълим мактаби раҳбарларини ота-оналардан мактабни таъмирлаш ва бошқа шу каби мақсадлар учун турли хил пул йиғимларини амалга оширмасликлари юзасидан қатъий огоҳлантиради".

P.S: Бошқарма вакилининг жавобидан хулоса чиқарадиган бўлсак, ота-она мактабга ўз ихтиёри билан ҳомийлик ёрдами кўрсатиши мумкин.  Лекин мурожаатда назарда тутилганидек, ўқитувчи уни ўз хоҳишим билан ҳомийлик ёрдами кўрсатяпман, деб ёзишга мажбурласа-чи? Бунга қонунчилигимизда тегишли жавобгарлик белгиланган.