Ўзбек тили байрами олдидан муносиб совға

Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида мазкур халқаро ташкилот ва мамлакатимиз тарихида илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлашини ана шундай қабул қилиш мумкин.

Ўтган йил 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев 21 октябрни Ўзбек тили байрами куни деб эълон қилган, ўша куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги роли ва нуфузини тубдан ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» фармон қабул қилинган эди. 2020 йилнинг 10 апрель куни эса «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун имзоланди ва бу йил 21 октябрни илк бор ўзбек тили байрами сифатида нишонлаймиз.

Бу ўринда гап санани нишонлашдагина эмас, давлат тилининг жамиятдаги, ҳар бир инсон ҳаётидаги ўрнини ошириш, аҳамиятини теранроқ ҳис қилишда. Зотан, бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар бир давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, жумладан, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакатимизда ҳам давлат тили бўлган ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланилиб, халқаро мулоқот тилига айланмоқда. Хорижий мамлакатларда ўзбек тилини ўқитиш, ўрганишга эътибор кучаймоқда. Президентимизнинг БМТ минбаридан ўзбек тилида дунёга мурожаат қилиши эса бу борада яна бир дадил қадам бўлди.

Бу биринчидан, мамлакатда давлат тилига бўлган эътиборни намоён этади.

Иккинчидан, сайёрамизда ўзбек тилида сўзлашувчилар кўпайиб бораётгани ҳамда уларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, халқаро мулоқотларда бу тилдан фойдаланиш лозимлигини англатади.

Учинчидан, мамлакатдаги бошқа раҳбар ва мутасаддиларда ҳам давлат тилига ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлайди.

Албатта, бугунги кун ўз она тилидан бошқа тилларни, аввало халқаро тилларни ҳам пухта ўзлаштириш, билишни тақозо этади. Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек, икки эмас, тўрт тил керак. Бугун бундан кўп тилларни билиш ҳам зиён қилмайди. Лекин биринчи навбатда давлат тилини ўрганиш ва бошқа тилларни ўз она тили орқали идрок қилиб, ўрганиш аввало миллий ўзликни англаш, анъана ва қадриятларни асраб-авайлашга хизмат қилади.

Ўктам САИДМУРОДОВ,

халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.