Ўзбек тилини қачон ўрганамиз?

Kun.uz мухбири ва масъул опа ўртасидаги суҳбат интернетда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўляпти. Кимдир ўзбек тилини билмаган депутат опанинг ёнини олса, бошқа кимдир журналистни миллатчиликда айблаган.

Аммо билишимиз керакки, Ўзбекистонда яшаб, масъул вазифаларда ишлаб туриб, яна депутат бўлиб туриб ҳам шу юртнинг тилини билмаслик уят.

Шахсан мен тил ўрганиш ва тил бўлиш жуда муҳим деб ҳисоблайман. Кўп тилларни билган одамларга ҳурмат билан қарайман. Ҳатто улар билан кўпроқ суҳбатлашиб, билганларини ўрганишга ҳаракат қиламан. Аммо...

Давлат тилининг муҳимлиги қачон ошади? Қачонки, унга ҳурмат билан қараб, шу тилда кўпроқ гапирсак. Ҳозир ўзбек тилини билмаслик уят эмас, аммо рус тилини билмасангиз иш сўраб борилган кўплаб эшиклар сиз учун ёпилади.

Эътибор қилсам, қачон қарама бирон жойда рус тилида гапиришса албатта русча, тожикка тожикча жавоб берарканман. Йўқ, ўзбекча гапиринг деб гапирганимни эслай олмадим.

Миллатнинг миллат бўлишида унинг тили ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбек тилида кўпроқ гапириш ва гапиртириш керак. Айниқса, масъулларни.

Бир қанча тадбирларда АҚШ элчисининг ўзбек тилида гапирганини кўрганман. Улар Ўзбекистон келганиданоқ, тилни ўрганишга ҳаракат қилади. Нега шу ерда туғилиб, катта бўлган ва масъулиятли лавозимларда ишлайдиган одам тилни билмайди? Аслида, шу уят эмасми? Ҳурматсизлик эмасми?

Бу опа камига депутат экан. Андижон вилоятида ё ҳамма 100 фоиз рус тилини билармикан? Сайловчи сифатида мурожаат қилишса “менга русча гапиринг!” деб ўтирган опа билан қандай гаплашишади?!.

Шаҳноза Холиқова.