Ўзбекистон фуқароси Санкт-Петербургдаги шифохонада вафот этди
Мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси (Россия) берган маълумотга кўра, 22 сентябрь куни Мария шифохонасида ўзбекистонлик С.С. вафот этган.
Маълум бўлишича, у 21 сентябрь куни Фурштат кўчасида жароҳатланган ҳолда топилган ва шифохонага жойлаштирилган эди.
Айни пайтда тергов тадбирлари олиб борилмоқда, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.
Бош консулхона вазиятни назоратга олди ҳамда ҳамюртимиз жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилиш билан шуғулланмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ва эслатиб ўтадики, Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангелск вилояти, Калининград вилояти, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград вилояти, Мурманск вилояти, Ненетс автоном округи, Новгород вилояти, Псков вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Вологда вилояти) ҳудудида жойлашган фуқароларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-965-029-41-49.