Ўзбекистондаги энг биринчи мактаб Жомбой туманида очилганми?

Бугунги кунда Жомбой туманида 39 та археологик, 6 та архитектура ёдгорликлари расмий рўйхатга киритилган. Уларнинг айримлари эрамизнинг дастлабки даврларига оид.

Биргина мисол, Кўкгумбаз маҳалласида рўйхатга олинган номсиз тепа археология ёдгорлигини антик давр тарихи билан шуғулланган олимлар милодий I асрга мансуб, деган хулосага келишган.

Бундай масканларнинг кўпчилиги ҳақида жамоатчилик етарли маълумотга эга эмас. Айримлари ҳатто илмий жиҳатдан ўрганилмаган ҳам.

Мисол учун, туманнинг Ҳолвойи маҳалласида бугунги кунда ҳам фаолият юритаётган умумтаълим мактаби жадид алломаси Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзий томонидан 1903 йилда барпо этилган. Аммо ушбу маърифат ўчоғи ҳақида, унинг тарихи, кечмиши борасида илмий изланишлар олиб борилмаган. Оқибатда республика жамоатчилиги Ажзий мактаби ҳақида деярли маълумотга эга бўлмаган.

Ёки Ногаҳон маҳалласини олайлик. Ушбу ҳудудда “Яканшик” топоними остида юритиладиган қишлоқ ва шу номдаги зиёратгоҳ мавжуд. Профессор Комилхон Каттаев, Мирзо Меҳрожиддин каби тарихшунос олимларнинг фикрича, бу масканда тасаввуф илмининг етук билимдони, Яссавия тариқати намояндаси, шоир ва олим Камолиддин Оқоний-Алиободий яшаб ўтган. Халқ орасида Оқон шайх, деб юритилган зот вафот этгач, шу ҳудудга дафн этилади. Мос равишда Оқон шайх қишлоғи этноними юзага келади. Аммо вақтлар ўтиши билан бу атама тилдан тилга кўчиб, Яконшайх, Яконшик, Яканчик тарзида қўлланилган. Ачинарлиси, бугунги ногаҳонликлар ҳам бу аждодимиз ҳақида деярли ҳеч нарса билмайди.

Ҳолвойи қишлоғида Аймахўжа Шамсиддин Ҳолвойи исмли бузруг шайхнинг қабри бор.

Ҳудуднинг Чалақўрғон, деб юритиладиган маскани ҳақида улуғ саркарда ва истеъдодли шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур барпо эттирмоқчи бўлган, Шайбонийхон ҳужуми натижасида чала қолган қўрғон ҳақидаги ривоятлар бор.

Афсуски, буларнинг барчаси ўтмиш пардаси остида қолиб, йўқлик сари юз тутмоқда. Шу боис, тумандаги тарихий масканларни қайта рўйхатга олиш, уларнинг тарихини археологик, этнографик, лингвистик, этимологик масштабда ўрганиш лозим.

Айнан шу заруратдан келиб чиқиб, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг халқ депутатлари Жомбой туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи масалани навбатдаги сессия кун тартибига киритган.

Сессия қарори билан мавжуд тарихий объектларни атрофлича ўрганиш, уларни вилоятнинг сайёҳлик машрутлари рўйхатига киритиш чораларини белгилаш кўзда тутилмоқда. Қолаверса, маҳаллий бюджет ҳисобидан зарур маблағ ажратиб, тарихий масканларни реставрация қилиш ва атрофини обод қилиш режалаштирилган.

Ёқубжон МАРҚАЕВ.