Ўзимизнинг Машраб ака
Биз Машраб Бобоев ҳақида дастлаб мактабда ўқиб юрган кезларимиз эшитганмиз. Туманимиз ва вилоятимиз газеталарида Пайариқ ёки Самарқанд заминида туғилиб, вояга етган ижодкорлар қатори Машраб Бобоевнинг шеърлари ҳам бот-бот чоп этилиб турар эди. Табиийки, биздан кўра кўпроқ биладиганлар бундай пайтда “Ўзимизнинг Машраб-ку”, деб ички бир ғурур билан муаллифнинг номига эътибор қаратишар эди.
Шеърнинг ўзи бир четда қолиб, кимдир шоир боланинг қайси мактабда ўқигани, бошқа биров унинг ака-укаси қаерда ишлаши, яна кимдир у билан қайси йиғин ёки маъракада ўтириб, отамлашгани ҳақида гап сота бошлар эди. Муҳими – газетанинг тўртинчи саҳифасида шапалоқдек жойни эгаллаб турган сатрлар қаҳрамонига ўзини дахлдор қилиб кўрсатиш. Шеърни эса... “Ўқиғанминан каллага кирмайди, ука!” – баҳона ҳам тайёр эди.
Албатта, бадиий адабиётда жуғрофий мансублик у қадар ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмаса керак. Бу ҳақиқатни биз кейинроқ – шеъриятга муҳаббат ҳисси ҳавас қирғоқларини бузиб, сенга шундан бошқа йўл йўқ, деган ботиний нидо бутун қалбимизни эгаллаб, бу қўтир дунёни кўзимизга тенгсиз малак қиёфасида кўрсата бошлаганидан сўнг англай бошладик. Айни вақтда атоқли адабиётшунослар, аллома зотлар бири олиб-бири қўйиб деярли ҳар куни такрорлайдиган, лекин маъни-ю моҳияти ўзгармайдиган рўйхатларда бизнинг қишлоғимиздан атиги бир неча чақирим нарида ўсиб-улғайган шоирнинг номи ҳам ора-сирада кўзга ташланиб қолиши, турган гапки, бу ижодкорга алоҳида қизиқиш билан қарашга ундар эди.
Туман газетаси қошида “Парвоз” шеърият тўгараги бўларди. Тўққизинчи синфдан бошлаб бир-икки бор шу тўгаракка қатнаганим бор. Мен тенгилар нима дардда-ю, мен нима дардда! Тўгарак машғулотларида Машраб Бобоевнинг номи ҳурмат билан тилга олинар эди.
Шоирнинг ўзини эса биринчи бор 1986 йили май ойида кўриш насиб этди. Ўшанда биз, Самарқанд давлат университетининг бир гуруҳ талабалари устозимиз Илҳом Ҳасанов раҳбарлигида Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)га фан олимпиадасига келган эдик. Биринчи куни пешиндан кейин университетда ёзувчи ва драматурглар - Машраб Бобоев, Эркин Аъзам, Шароф Бошбеков билан учрашув бўлди. Учрашувда асосан Шароф Бошбековнинг драмалари ва Эркин Аъзам қиссалари ҳақида гап борди. Мени ҳайрон қолдиргани – шоир зоти бундай пайтда имкониятни қўлдан бермайди, шеър ўқиб, даврани жунбушга келтириб, улоқни олиб кетади. Лекин ўша учрашувда бундай бўлмади – Машраб Бобоев истеъдодли шоир сифатида танилган бўлса-да, ўз ижоди ҳақида деярли ҳеч нарса гапирмади, ҳатто бирорта шеър ҳам ўқимади.
Орадан икки-уч йил ўтиб, айни мустақиллик арафасида, матбуотда публицистик ҳайқириқлар авжига чиққан бир паллада “Муштум” журналида иш бошладим. Ўшанда Машраб ака жиддий мавзуларда куюнчаклик билан ёзган бир нечта мақоласини таҳририятимизга олиб келган эди. Айниқса, унинг миллий ғурур туйғуси мутлақо бегона бўлган айрим гуруҳларнинг собиқ Марказдаги бемаъни кўнгилхушликларга тақлид тарзида ўтказган “гўзаллар конкурси”ни танқид қилиб ёзган мақоласи кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган эди. Шу тариқа ёш қизларни беҳаё либосларда саҳнага чиқиб, қадди-қоматини кўз-кўз қилишга ундайдиган бундай бўлмағур тадбирларга қарши жамоатчилик фикри уйғотилган ва вақтида бундай енгил-елпи томошаларнинг йўли тўсилган эди.
Машраб аканинг эсимда қолган ўта жиддий мавзудаги яна бир мақоласи она тилимизга давлат мақоми бериш, унинг нуфузини ошириш, жамоат жойларида оммабоп сўз ва ибораларни тўғри қўллаш масаласига бағишланган эди. Айниқса, ўша пайтларда Тошкент метросининг сўнгги бекатида йўловчиларга қарата “Илтимос, вагонларни бўшатинг!” деган мазмундаги русча сўзларнинг ишлатилишига ориятли ижодкор ҳеч тоқат қилолмас эди. “Халқимиз – меҳмондўст, одамнинг иззатини жойига қўядиган, ҳар бир сўзини ўйлаб, бошқаларнинг кўнглига тегмайдиган қилиб гапирадиган халқ. Одам доимо гавжум бўладиган пойтахт метросида бундай ибораларнинг ишлатилиши бизнинг шаънимизга, миллий руҳимизга мутлақо тўғри келмайди”, деб фикр-мулоҳазаларини ўша мақолада баён қилган эди. Кейинчалик ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиб, метро вагонларида ишлатиладиган сўз ва иборалар ҳам миллий қадрият ва анъаналаримизга мос тарзда ўзгартирилгани барча ижодкорларимиз қатори у кишини ҳам жуда хурсанд қилган эди.
Мустақиллик арафасида ва истиқлолнинг дастлабки йилларида амалга оширилган улкан ўзгаришлардан кўнгли тоғдек кўтарилиб улар ҳақида фахрланиб гапирар эди. Юртпарварлик, миллий ғурур туйғуси кучли эди. Эсимда, Тошкент шаҳрида Амир Темур ҳайкали ўрнатилганида бу ҳақда биринчилардан бўлиб қалби ифтихорга тўлиб мақола ёзган ҳам Машраб ака эди.
1993 йилнинг сўнгги кунлари... Мен Ўзбекистон Миллий агентлигига маданият бўлими мудири бўлиб ишга ўтдим. Машраб ака таржима таҳририятининг бош муҳаррири эди. Янги хонамга энди кириб ўтирган ҳам эдимки, бош директор ўринбосари, таниқли журналист Қулмон Очил сим қоқди: “Оқсоқол, ишни бошланг, бу идорада хаёл суришга вақт йўқ, ҳозир бир таржимани олиб киришади, тезда кўриб беринг”. Бир зумда матн терадиган оператор опа калавасимон чувалган узун қоғоздаги “материал”ни олиб кирди. “Машраб ака бериб юборди”, деди оҳиста.
Мен матнни “бўяш”га тушдим. Ўн-ўн беш дақиқалардан сўнг яна бояги опа кириб келди – таржиманинг давомини узатди. Мен эса унга матннинг кўриб бўлинган қисмини бердим. Қалам теккизилган қоғозга қараб, опанинг ранги-қути ўзгарди. “Сиз буни нима қилдингиз, Машраб аканинг таржимасини-я! Ўзи бугун ишга келган бўлсангиз, аввал ёзишни ўрганинг”, дея ўдағайлай кетди. “Опажон, мен бор-йўғи топшириқни бажаряпман, тузатишларим ёқмаса, майли, ўзингиз биласиз”, дедим.
Бир оз кайфиятим бузилиб, қўлим ишга бормай турган эдим, яна телефон жиринглади. Машраб ака экан, “Муртазо, - деди у киши ҳар доимгидек самимий оҳангда, - тузатишларингизнинг ҳаммаси тўғри, шундай давом эттираверинг”.
Машраб ака ҳаётда ҳам, ижодда ҳам мард эди, ишиям, сўзиям ҳалол-покиза эди. Мардларнинг садақаси кетсангиз арзийди. Лекин, афсуски, ҳаётда бундай ижодкорлар кам учрайди. Ўша сўзлардан кейин яна иштиёқ билан ишга киришдим.
Орадан бир-икки ой ўтиб, Амир Темур бобомизнинг таваллуд кунига бағишлаб “Буюклик тимсоли” номли мақолам деярли барча етакчи газеталарда чоп этилди. Раҳбариятдан мақолани русчага таржима қилиш ҳақида топшириқ бўлди. Таржиманинг дастлабки матнидан Машраб аканинг кўнгли тўлмади. Иши ошиб-тошиб ётишига қарамасдан, рус таҳририяти бош муҳаррири, таниқли журналист Альфред Баранов билан биргаликда матнни таҳрир қилишга киришиб кетди. Машраб ака зўр бериб, катта ҳаяжон билан ҳар бир жумланинг маъносини тушунтиришга ҳаракат қилар, Баранов таклиф этган таҳрирларни рад этар, ундай эмас, бундай бўлади, деб бутун борлиғи билан таҳрирга киришиб кетар эди.
Хуллас, қўл учида қилинган ишни ёқтирмас эди. Ижодий иш сидқидилдан қилиниши керак, деб ҳисобларди. Албатта, ҳар куни жилд-жилд хом-хатала матнларни титкилаб, ўнлаб, ҳатто юзлаб саҳифалардан жилла қурса, одамларнинг кўнглини озгина нурафшон этадиган, уларга завқ берадиган, фойдаси тегадиган ярим бетлик ширингина матн тайёрлаш осон иш эмас. Ҳеч қайси ҳужжат ва архивда қайд этилмайдиган бундай машаққатли иш бориб-бориб жонга тегмасдан қолмайди, албатта. Бир куни Машраб ака шу ҳақда секин гапирган эди: “Мен – бир қишлоқдан чиққан одам бўлсам. Ўзбекча матнлар-ку, майли, лекин кўпинча русчаларини таҳрир қилиш ҳам ўзимга қолиб кетади”.
Шу ўринда кўпчилик ҳозирги ёшлар билмайдиган яна бир ҳолатни айтиб ўтиш ортиқча бўлмаса керак. Мустақил давлатчилик бошқа кўпгина зарур омиллар қатори мустақил тафаккурни ҳам талаб этади. Мустақил тафаккурни эса янгича воқеликни миллий тилда акс этирадиган мустақил сўз ва иборалар, атамаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Мамлакатимиз эндигина мустақиллик йўлига қадам қўйган даврда Ўзбекистон Миллий ахброт агентлигида Машраб ака билан бирга Эркин Аъзам, Маматқул Ҳазратқулов, Қулман Очил, Аҳмад Хўжа, Ўктам Мирзаёр сингари истеъдодли ёзувчи ва журналистлар меҳнат қилар, яхши ижодий жамоа шаклланган эди. Табиийки, юртимиз ҳаётидаги энг катта ўзгариш ва янгиликлар ҳақидаги расмий хабарлар, ахборотлар ушбу жамоа меҳнати, маҳорати билан сайқал топиб, барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинар эди.
Баъзида тараққий топган дунёда амалда бўлган, лекин халқимиз, аввало биз, журналистлар учун кутилмаган янгилик бўлган тушунча ва тасаввурларнинг ўзбекча энг қулай, энг мақбул ифодасини топиш қийин муаммога айланар эди. Албатта, бу борада миллий тилшунослигимизда аниқ илмий-методик принцип ва тавсиялар ҳали ишлаб чиқилмаган эди. Шу боис устозлар бир пайтнинг ўзида ҳам назариётчи, ҳам амалиётчи сифатида иш олиб бориб, тилимизни янги тушунчалар, ибора ва атамалар билан бойитар эди. Шу маънода, мустақиллик йилларида ўзбек тилининг бойишида бу ижодкорларнинг хизматлари катта бўлди. Мен уларнинг бу борадаги изланишларини Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон каби мумтоз адибларимизнинг ўтган асрнинг 20-йилларидаги тил борасидаги саъй-ҳаракатлари билан қиёслаган бўлар эдим.
Ижод аҳли истеъдоди, маҳорати, кўз нури, бутун ҳаётини миллат равнақи, она юртининг гуллаб-яшнаши учун бахш этади. Ўзини айни шу мақсадлар учун яратилган инсон, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам қайси халқ ёки миллатнинг токи битта шоири ёки ёзувчиси бор экан, шу миллат, шу халқ маънавий жиҳатдан завол билмайди.
Ижодкор инсон ҳар куни қанча сўз кашф этади – патент даъво қилмайди. Қанча чаламулланинг “илмий иши”ни “тадқиқот”га айлантиради – муаллифлик даъво қилмайди. Ҳар битта асари, мақоласи, таҳрирдан ўтказган материалининг ўзига номзодлик ёки докторлик диссертациясига сарфланадиган меҳнатдан кўра кўпроқ илмий-ижодий, интеллектуал меҳнат, куч-қувват сарфлайди – илмий даража ва унвон талаб қилмайди. Унинг учун энг муҳими – миллатнинг асосий белгиси бўлган тил ривожлансин, миллат МИЛЛАТ бўлиб, уйғоқ виждон билан бошини баланд кўтариб муносиб яшасин.
Агар Машраб Бобоев бу даҳри-дундан қандай мақсад-муддао билан ва қандай яшаб ўтди, десалар, айни ана шу сўзларимиз, ўйлаймизки, энг тўғри жавоб бўлса керак. Шундай экан, Машраб ака ўз умри давомида бир сатр ёзмаган тақдирида ҳам ҳар қандай эъзозу эътиборга муносиб инсонлар қаторидан жой олган бўлур эди. Чунки, сир эмаски, бундай улуғ туйғулар билан яшашнинг ўзи ҳам улкан шарафдир. Бундай бахт фақат руҳий-маънавий юксакликларга кўтарилган инсонларга насиб этади.
Бизнинг камтарона кузатишларимиз бўйича, бадиий ижодга муносабати, амалий фаолиятига кўра ёзувчилар икки хил бўлади. Биринчи гуруҳ вакиллари кўпроқ шахсий ижоди ҳақида ўйлайди. Иккинчи гуруҳ вакиллари эса нафақат шахсий ижоди, айни пайтда миллий адабиётнинг умумий тақдири ҳақида ҳам кўп бош қотиради. Ҳатто адабиётнинг келажаги ҳақида ўзининг ижодий тақдиридан ҳам кўра кўпроқ қайғуради. Бизнингча, Машраб ака кўп жиҳатдан ана шу иккинчи гуруҳга мансуб эди. У истеъдод ва маҳорати, ижодий меҳнатини умумадабий тараққиёт йўлида сарфлашдан чарчамас ва оғринмас эди. Эҳтимол, куч-ғайратини кўплаб қўлёзмаларни ўқиш ва таҳрир қилишдек ёзувчи учун ортиқча бошоғриқ бўлган машаққатли ишга эмас, фақат шахсий ижодий оламини яратишга сарфлаганида борми, унинг қаламидан янада кўпроқ ёрқин асарлар туғилган бўлар эди. Машраб ака айнан шундай катта бадиий-эстетик салоҳиятга эга бўлган ижодкор эди. Лекин у бундай ижодий тақдирдан онгли равишда воз кечиб, ижодий қувватининг аксарият қисмини адабиётнинг умумий ривожи учун фойдали бўлган ишга – бадиий қўлёзмалар таҳририга, асосий иши ёзиш бўлган одамларни ўз тилида тўғри ёзиш кўникмасини эгаллашига бағишлади. Шунинг учун ХХ аср охири ва ХХI аср бошларида миллий адабиётимиз эришган ютуқларда Машраб акадек қалам деҳқонларининг муносиб ҳиссаси бор, десак, адолатдан бўлади.
1998-99 йилларда бирмунча муддат “Respublika” номли газетада бош муҳаррир бўлиб ишлашимга тўғри келди. Газетанинг нишона сони тайёрланаётган пайтда Машраб ака Абдулла Орипов билан гаплашиб, “Республикам” деган шеър ёздириб олган эди. Сал худбинроқ шоир бўлса, биласиз, ўзимнинг шеърим турганда бошқанинг шеъри учун куйиниб нима қиламан, деган бўлар эди. Боя айтганимиздек, Машраб ака ижодда ҳалол эди. “Абдуллага мен ўзим ваъда берганман, унинг олдида уялиб қолмайин тағин”, деб, ўша шеър газетада босилиб чиққунига қадар хабардор бўлиб турган эди.
Бир йили Янги йил арафасида раҳбарлик лавозимида ишлаётган устозларимиздан бири кекса ёзувчиларимизни эсга олиб, уларнинг ҳолидан хабар олиш таклифини билдирди. Биз бир гуруҳ шоир ва журналистлар Машраб акани бориб кўрадиган бўлдик. У кишининг соғлиғи бир оз ёмонлашган, кексалик ҳам таъсирини кўрсата бошлаган эди. Лекин руҳи тетик ва бардам эди. Ўша суҳбатда Машраб ака ҳали ижодий режалари кўп экани, “Кўнгил кўчалари” телесериалини давом эттириш, замонавий мавзуда янги пьесалар, шеър ва сценарийлар ёзиш нияти борлиги ҳақида гапирган эди. Афсуски, шафқатсиз ўлим бу режаларни амалга ошириш учун имкон бермади – орадан кўп ўтмасдан бу ажойиб истеъдод эгаси, беназир инсон дунёдан кўз юмди.
Муртазо Қаршибоев.
***
Таниқли таржимон, драматург, публицист ва шоир Машраб Бобоев 1941 йилда Пайариқ туманида туғилган. Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида ўқиган.
Унинг “Онамга хат”, “Баҳор кайфияти”, “Пахтам менинг – бахтим менинг”, “Гурунг”, “Кечки троллейбус”, “Бағишлов”, “Олисдаги чироқ”, “Сўз”, “Мен билган сир”, “Қани менинг юлдузим?”, “Номсиз юлдузлар” каби ўнлаб китоблари нашр этилган. Шунингдек, Машраб Бобоев “Ўттиз ёшлилар”, “Ер томири”, “Тошкентдан келган меҳмон”, “Тунис президенти”, “Бизнинг ҳовли”, “Ўз уйингдасан”, “Қани менинг юлдузим?”, “Суянч тоғлари” каби бир қатор саҳна асарлари ёзиб, томошабинлар эътиборига тушган.
Ижодкорнинг “Ирода”, “Севги нидоси” ва “Кўнгил кўчалари” деб номланган кўп қисмли видеофильмлари ҳамон мухлислар эътирофида.
Александр Пушкин, Расул Ҳамзатов, Э.Межелайтис ва бошқа шоирларнинг шеърларини, В.Катаевнинг “Хаёл чечаклари” романи, Муин Бсисунинг “Ташриф қоғози”, Отар Чиладзенинг “Рангин дунё” шеърий китоблари ва йигирмадан ортиқ драматик асарни ўзбек тилига ўгирган.
Машраб Бобоев 1995 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони биалан тақдирланган. 2003 йил 23 июлда Тошкент шаҳрида вафот этган.