“Ўзтемирйўлйўловчи” талабалар учун чегирмалар муддатини ўзгартирди

Ҳар йили икки ҳафталик қишки таътил вақтида темир йўл чипталарини сотиб олишга бериладиган чегирмалар ҳақида батафсил маълумот бериш борасида мурожаатларни инобатга олган ҳолда “Ўзтемирйўлйўловчи” қуйидагиларни маълум қилди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлиги учун сайловлар ўтказилади. Шу муносабат билан 2019 йил 16-22 декабрь кунлари ва 2019 йил 28 декабрдан 2020 йил 6 январга қадар олий ўқув юртлари талабалари ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларига темир йўл чипталарини сотиб олишлари учун 50 % чегирма тақдим этилади. Чегирмалар фақат ички йўналишдаги поездларга (юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поезди бундан мустасно), дейилади хабарда.

Аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти 2019 йилнинг 31 декабрь – 2020 йилнинг 2 январь кунлари маҳаллий йўналишларда йўловчиларга, хусусан Олий ўқув юртлари ҳамда коллеж ва лицей ўқувчилари учун чегирмалар тақдим этганди.

Эслатиб ўтамиз, олий таълим муассасалари талабалари ва академик лицей ҳамда профессионал таълим муассасалари ўқувчиларига 2019-2020 ўқув йили қишки таътил кунлари 2019 йил 20 декабрдан 2020 йил 6 январгача этиб белгиланди.