Паст Дарғомда 128,5 тонна суюлтирилган газ режага нисбатан кам етказиб берилаётганига изоҳ берилди

Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Zarnews.uz сайтида “Самарқандда аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ режага нисбатан кам етказиб берилган” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда вилоятдаги айрим туманларда аҳоли етарлича суюлтирилган газ билан таъминланмаётганлиги келтириб ўтилган.

Ушбу туманлар орасида Паст Дарғом тумани ҳам борлиги, хусусан, туман аҳолисига 128,5 тонна суюлтирилган газ режага нисбатан кам етказиб берилгани қайд этилган.

Маълум бўлишича, ҳақиқатда аҳолига режага нисбатан 128,5 тонна суютирилган газ кам етказиб берилган. Бунга туманда газ баллонларини ташувчи автомашиналар етишмовчилиги, шунингдек, баъзи ҳолатларда газ тўлдириш шохобчаларига ўз вақтида суюлтирилган газ етиб келмаслиги сабаб бўлган.

Ҳозирда муаммони бартараф этиш учун “Ҳудудгаз Самарқанд” масъулияти чекланган жамиятининг суюлтирилган газ бўлимига “Пастдарғомтумангаз” филиали томонидан қўшимча маиший газ баллонларни ташувчи «Исузи» автомашиналари ажратилиши тўғрисида мурожаат қилинди. Қолаверса, қиш мавсумида аҳолига суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида етказиб бериш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.