Паст Дарғомда газ ҳисоблагичи бузилган “Заправка” давлат манфаатларига 88 миллион сўмдан зиёд зарар етказган
Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом тумани бўлими томонидан тегишли соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда “Жума” газ тақсимлаш станциясида жойлашган “Жасорат” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ўрнатилган электрон газ ҳисоблагичнинг хотирасидаги маълумотлар ўрганилди.
Ўрганишларга кўра, мазкур газ ҳисоблагич параметрларига ташқи таъсир кўрсатилганлиги, 2019 йилнинг 1 апрелидан 2019 йилнинг 10 апрелига қадар босимлар фарқи бўйича ҳисобни кам кўрсатаётгани аниқланди.
Ҳолат бўйича электрон газ ҳисоблагич хотирасида сақланган электрон архив маълумотларининг ўзгартиришларини қайд этиш журналида ҳам унга ташқи таъсир кўрсатилгани тасдиқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори ҳамда “Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига табиий газ етказиб бериш шартномаси”нинг тегишли банди бузилганлиги маълум бўлди.
Бунинг оқибатида давлат манфаатларига 88 миллион 401 минг сўмлик зарар етказилган. Қилмишини англаб етган “Жасорат” МЧЖ раҳбарлари етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берди.
Мажбурий ижро бюроси Паст Дарғом тумани бўлими.