Пахтачида маҳалла раиси ва фуқаро ўртасида юз берган ҳолат бўйича маълумот берилди
Ижтимоий тармоқларда "Маҳалла раиси фуқарога куч ишлатганлиги айтилмоқда" сарлавҳаси остида видео тарқалди.
Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан маълумот берди:
"Қайд этилишича, 30 июль куни Пахтачи тумани “Қувондиқ” маҳалласида яшовчи фуқаро 102 рақамига қўнғироқ қилиб, турмуш ўртоғи Р.У. маст ҳолатда жанжал қилаётганлиги бўйича мурожаат қилган.
Мурожаат юзасидан ҳудуд профилактика инспектори А.Эгамбердиев ва шу маҳалла раиси фуқаро Р.У.нинг уйига борганида, ҳақиқатан ҳам Р.У. маст ҳолатда турмуш ўртоғи билан жанжал қилаётганлиги аниқланган.
Шундан сўнг, профилактика инспектори ҳамда маҳалла раиси фуқарони мастлик ҳолати тарқагунга қадар туман ИИБ биносида сақлаш мақсадида олиб кетмоқчи бўлганда, у профилактика инспекторининг қонуний талабини бажармаган.
Маҳалла раиси Р.У.ни тинчланиши ва ҳушёр тортиши учун елкасига икки маротаба қўлининг кафт қисми билан тегинган.
Р.У. туман ИИБ биносига олиб келиниб, тегишли тартибда расмийлаштирилиб, мастлик ҳолати тарқагандан сўнг, уйига рухсат берилган", дейилади ИИБ муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда маҳалла раисининг фуқарога "тегингани" муҳокамаларга сабаб бўлганди.