Песков Путиннинг “Рус халқи совғаси” билан боғлиқ сўзларига изоҳ берди

Рус халқининг собиқ иттифоқ давлатларига қилган “ҳудудий совғаси” ҳақида гапириб, Россия Президенти Владимир Путин конституцияда йўл қўйилган хатоларни назарда тутган эди, дея таъкидлади Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.

21 июнь куни “Россия 1” телеканалига берган интервьюда Владимир Путин ўзгартиришлар киритилиши кутилаётган Россия конституцияси тўғрисида сўзлаб, СССР тузилаётган вақтда унинг таркибидан чиқиш амалиёти назарда тутилмагани ҳақида сўзлади. Путиннинг сўзларига кўра, бу ҳолат собиқ иттифоқ таркибига кирган давлатлар унинг таркибидан чиқаётган вақтда Россия ерлари бўлган ҳудудларни ўзлари билан бирга олиб кетишига сабаб бўлган.

“Агар бирон бир давлат собиқ иттифоқ таркибига кирган бўлиб, бироқ ўзининг юкхонасига ўлкан ҳудудли Россиянинг тарихий ерларини қўшиб олиб, сўнг иттифоқ таркибидан чиқишга қарор қилган. Нима билан келган бўлса, ўша билан чиқсин эди ва рус халқининг совғасини ўзи билан олиб кетмасин эди”, дея таъкидлаган Россия Президенти.

Журналистлар Песковдан Путин томонидан айтилган “рус халқининг совғаси” тўғрисидаги гапларига аниқлик киритишни сўради.

“У совғалар ҳақида гапирмади. Конституцияда бизнинг мамлакатимизга салбий таъсир кўрсатадиган бир қатор вазиятлар, воқеалар ривожи ҳисобга олинмаганлиги, олдиндан йўл қуйилган тизимли хатолар ҳақида гапирди. Путин айнан шунга тўхталди ва бу ерда диққат билан ўқиш керак”, дея жавоб берди Песков журналистларга.