Пишлоқ орасидаги тилла
1916 йил 6 мартдан 7 мартга ўтар кечаси Голландиянинг икки турбинли пароходи - «Тубантия» Амстердамни тарк этиб, Аргентинага – Буэнос-Айресга йўл олади. Кўп ўтмай кема немислар торпедаси таъқибига учраб, сувга ғарқ бўлади.
280 йўловчи ва 80 кишидан иборат кема командаси захира сув, егулик ва қимматбаҳо буюмларни олиб шлюпкада жон сақлаб қолади. Юкларни сақлаб қолиш ҳақида гап ҳам бўлмайди, негаки улар суғурталанган эди. Иккинчидан, бу юклар қайғуришга арзимайдиган эди: тўқимачилик, идиш-товоқ ва 300 дона юмалоқ голланд пишлоғи эди, холос.
Аммо кейинчалик маълум бўлишича, «Тубантия» олтин олиб бораётган экан. Буни на йўловчилар, на команда, на уларнинг капитани биларди. Олтин қуймалари контрабанда бўлиб, пишлоқ ичига моҳирлик билан яширилганди. Яъни, 300 та олтин қуймаси пишлоқлар орасига жойлаштирилган бўлиб, умумий қиймати 2 миллион фунт-стерлингни ташкил этарди.
«Тубантия» ғарқ бўлган жойга бир неча экспедиция жўнатилади. Сирли жиҳати шундаки, улар контрабанда йўли билан олиб кетилаётган олтинни топишдими-йўқми, ҳалигача маълум эмас...
Т.Шомуродов тайёрлади.